Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Феврал 2014 00:00
Ҳозирги кунда мамлакатимизнинг лалмикор майдонларида илмий асосланган деҳқончилик тизимини қўллаш, яъни ҳар бир минтақанинг тупроқ ва об-ҳаво шароитига мос агротехнологияларни жорий этиш ғалла, дуккакли, ем-хашак ва бошқа лалми экинлар ҳосилдорлигини 1,5–2 баравар оширишни таъминлайди. Бунинг натижасида ушбу минтақаларда истиқомат қилувчи аҳолининг турмуш даражасини, фермер хўжаликларининг молиявий аҳволини яхшилаш имкони яратилади.
   Юртимизнинг барча лалмикор минтақаларида (текислик, қир-адирлик, тоғолди ва тоғли) деҳқончилик маданияти ҳамда тупроқ унумдорлигини сақлаш ва ошириш, экологик соф қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришнинг асосий ҳал қилувчи омилларидан бири алмашлаб экишнинг фермер-деҳқон хўжаликлари учун мос қисқа ротацияли (2, 3, 4 далали) схемаларини жорий этишдир. Бу алмашлаб экиш схемаларида тоза шудгор муҳим аҳамият касб этади.
    Кўп йиллик тажриба натижаларига кўра, республикамиздаги лалмикор ерларнинг 60 фоизидан кўпроғини ташкил этадиган қир-адирлик (ёғин-сочин билан ярим таъминланган (ўртача 360 мм) минтақасида кузги ғалла экиш мавсумига (октябрь) тўғри келиб, тоза шудгорга қолдирилган далаларда ўртача 720–800, серёғин келган йилларда эса 1250–1320 м3/га фаол намлик тўпланади.
     Лалмикор майдонларда кузги бошоқли дон экинлари ҳосилдорлиги кўп жиҳатдан баҳорги вегетация бошланган пайтга келиб, тупроқнинг 0-180 смгача қатламида тўпланган фаол намлик заҳирасига ҳамда унинг намланиш чуқурлигига боғлиқ ҳолда ўзгаради. Ўтган йилнинг октябрь-ноябрь ойларида ёғингарчилик кўп йиллик меъёрдан анча кам бўлганлиги туфайли ерларни сифатли тайёрлаш ва уруғ экиш учун тупроқда намлик етишмади. Шу сабабли, кўпчилик лалмикор майдонларда кузги ғалла уруғи экилмай қолди. Уруғ экилган майдонларда ҳам сийрак ниҳол олинди.
  Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, айни кунларда лалмикор майдонларда униб чиққан майсаларнинг 1 м2 даги туп сонини, ҳали униб чиқмаган майдонларда эса уруғларнинг унувчанлик қобилиятини аниқлаш зарур. Бунинг учун ғалла даласининг диоганали бўйлаб юзаси 0,25 м2 (50 х 50 см), чуқурлиги 10 см бўлган монолитлар ёрдамида намуналар олиниши лозим. Олинган намуналарни хона ҳароратида (+18–20 оС) 7–8 кун ўтгандан сўнг уруғларнинг унувчанлиги аниқланади. Олинган натижаларга қараб қўшимча ёки қайтадан экиш учун уруғ миқдори аниқланади.
   Қўшимча экишни буғдойнинг 1 м2 даги туп сони 80–90, арпаники эса 60–70 донани ташкил этганда ўтказиш, туп сони 30–40 тадан кам бўлган майдонларда қайта экиш тавсия этилади. Лалмикор майдонларда баҳорда экиладиган ғалла уруғининг энг қулай муддати жанубий вилоятларда (Қашқадарё, Сурхондарё) февраль ойининг биринчи ярми, марказий минтақа вилоятларида (Тошкент, Жиззах, Самарқанд, Навоий) эса охирги ўн кунлиги ҳисобланади.
   Эрта баҳорги бошоқли, дуккакли ва мойли экинлар майдонларини 20–22 см чуқурликда ағдариб ҳайдаш лозим. Бунда юқори унумли ҳайдов тракторларидан фойдаланиш экиш ишларини қисқа муддатда якунлаш имконини беради. Иш унумдорлигини ошириш, ёнил¬ғи-мойлаш маҳсулотлари ва меҳнат сарфини камайтириш мақсадида, ҳайдаш пайтида плугларга ўртача оғирликдаги борона ёки молаларни тиркаш мақсадга мувофиқ.
   Об-ҳаво нисбатан қурғоқчил келиши кутилаётган бу йилги шароитда баҳорда тўлиқ ва қўшимча экиладиган бошоқли дон экинлари навларини тўғри танлаш ва лалмикор ерларнинг муайян тупроқ-иқлим шароитларига қараб жойлаштириш муҳим аҳамиятга эга. Бунда арпанинг «Унумли арпа», «Нутанс–799», «Лалмикор», «Саврук» навларини гектарига 95–110, буғдойнинг «Оқ буғдой» (Грекум–40), «Бахмал–97» навларини 90–100 кг/га меъёрда экиш тавсия этилади. Ёғингарчилик кам кузатиладиган текислик ҳудудлардаги лалмикор майдонларда ғалла ва бошқа қишлоқ хўжалик экинларини бу йилги об-ҳаво шароитида минерал ўғитлар билан озиқлантириш тавсия этилмайди.
    Ёғингарчилик билан ярим таъминланган қир-адирлик минтақаларда эса минерал ўғитлар билан озиқлантиришни фақат намлик кўпроқ тўпланадиган қир-адирликларнинг пастқам жойларидагина ўтказиш мақсадга мувофиқ. Бунда маъданли ўғитлар меъёри (соф таъсир этувчи модда ҳисобида) N20-30 Р20-30 ни ташкил этиши лозим. Қишки тинимгача тўлиқ униб чиққан ҳамда тупроқнинг 100–120 см қатламида етарлича намлик тўпланган далаларда азотли ва фосфорли ўғитлар 30–40 кг/га меъёрда қўлланилиши мумкин.
  Тоғли ва тоғолди лалмикор ҳудудларда бошоқли дон экинларини озиқлантириш даланинг рельефи ҳамда тупроқ намлигига қараб гектарига N40Р40К40 ни ташкил этиши зарур. Озиқлантиришни майсалар тўлиқ униб чиққандан сўнг ўтказиш мақсадга мувофиқ. Лалмикор майдонларда тупроқдаги намликдан самарали фойдаланиш мақсадида, бегона ўтларга қарши курашишда 1 м2 да майсалар сони 160–180 донадан кўп бўлганда даланинг кўндаланги бўйича тишли бороналар ёрдамида енгил ишлов бериш зарур.
    Бу агротехнология тупроқдаги намликнинг буғланиши ва бегона ўтлар сонининг 70–80 фоиз¬га камайишини таъминлайди. Юқорида қайд этилган агротехнологик тадбирларни қисқа муддатда маромига етказиб бажариш бошоқли дон экинларидан мўл ва сифатли ҳосил етиштириш имконини беради.
    Ҳ.Юсупов, С.Ғайбуллаев




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech