Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Феврал 2014 00:00
Мамлакатимизда жорий йил январь ойи кўп йиллик ўртача об-ҳаво ҳароратига нисбатан илиқ ва камёғин келди. Бундай шароитда экин майдонларида намлик етарли бўлишини таъминлаш мақсадида, февраль ойида агротехник тадбирларни ўтказишда қуйидаги тавсияларга амал қилиш мақсадга мувофиқ.
   Республикамизда сув манбалари чекланганлиги боис тупроқда нам тўплаш, сақлаш ва уруғни (айниқса, чигитни) ернинг табиий намига ундириб олиш, Қўза парваришидаги барча агротехник тадбирларни сувдан тежамкорлик билан фойдаланишга қаратиш талаб этилади. Бунда далаларга қишда яхоб, эрта баҳорда эса заҳира суви оқизиш ва бошқа тадбирларни ўз муддатида ва сифатли ўтказиш муҳим аҳамиятга эга. Энг аввало, кузда ҳайдалмай қолган майдонларни шудгорлашни қисқа муддатда якунлаш зарур. Бу борада ернинг устки қисми бироз музлаган, далага ҳайдов тракторларининг кириш имкони бўлган пайт¬лардан унумли фойдаланиш мумкин.
   Ушбу майдонлар кетма-кет борона қилиниб пушта олинса, тупроқда намлик яхши сақланади ҳамда кесак бўлиб қолишнинг олди олинади. Ерни занжирли тракторлар ёрдамида шудгорлаш яхши самара беради. Қаттиқ музлаган ёки ўта лой пайтларда шудгорлаш тавсия этилмайди. Кузда шудгор қилинмай шўри ювиладиган майдонлар (кучли даражада шўрланган, қум ва қумоқ, ботқоқлашиб бораётган ўтлоқ-аллювиал тупроқларда) етилиши билан марза ва челлар текисланиб, фосфорли ва калийли ҳамда маҳаллий ўўитлар (15–20 т/га) ёки компост (20–30 т/га) солиниб, икки ярусли плуглар ёрдамида 30–35 см чуқурликда шудгор қилинади.
   Ушбу майдонлар шудгорланиб, зах ва шўри қочгандан кейин (бунга 5–10 кун ва ундан кўп муддат талаб қилиниши мумкин) зудликда чизелланиб, (фақат механик таркиби оғир, ўтлоқи-аллювиал ёки ўтлоқ-ботқоқ тупроқлар) кетма-кет даланинг диоганали бўйича 2 қаторли борона билан борона қилинади. Механик таркиби оғир ўтлоқ-аллювиал, ўтлоқ-ботқоқ тупроқли далаларни кечки пайтларда–қуёш чиққунга қадар тайёрлаш лозим. Акс ҳолда кундузи бороналаш ёки чизеллашда ҳосил бўлган кесаклардан намлик жуда тезлик билан буғланиб, кейинчалик кесакларни майдалаш қийин кечади.
  Андижон, Фарғона, Наманган, Сирдарё, Жиззах, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг кучсиз шўрланган ерларида шўр ювиш ишлари бир маротаба ўтказиладиган айрим ҳудудларида экиш олдидан суғоришни ташкил этиш керак. Бунда суғориш меъёри тупроқ механик таркибидан келиб чиққан ҳолда 800–1000 м3/га. ни ташкил этади. Бундан кўзланган мақсад, чигитни табиий намлик эвазига ундириб олишдир.
   Экиш олдидан тупроққа ишлов беришда тупроқнинг ҳолатига қараб қуйидаги тадбирлар амалга оширилади: шўрланмаган, бегона ўтлардан тоза майдонлар бир вақтнинг ўзида бороналанади ва текислагич агрегатлар ёки мола ёрдамида текисланади. Бегона ўтлар кўпайган майдонларда чизель-культиваторларга тиркалган бороналар воситасида кўп йиллик бегона ўтлар илдизлари тозалаб чиқарилади.
 Юзада қолган илдизлар эса қўлда терилиб, ёқиб юборилади. Нотекисликларни бартараф этиш учун енгил мола ўтказилади. Кузда шудгор остига минерал ўғитлар солинмаган бўлса, шунингдек, шўр ювилган майдонларда экиш олдидан фосфорли ўғитлар йиллик меъёрининг 60–70 фоизи (физик ҳолда аммофос 200кг/га ёки суперфос 385 кг/га ёки нитрофос 600 кг/га ) ҳамда калийли ўғитларнинг 50 фоизи (калий хлориди 80кг/га) солинади.
  Тупроқ оби-тобига келишига қараб, барча майдонлар бороналанади. Бунда икки қатор борона тиркалган занжирли тракторлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Эрта баҳорги бороналаш муддати тупроқнинг механик таркиби, об-ҳаво шароити ва тупроқнинг етилишига қараб белгиланади. Ёғингарчилик кам бўладиган ҳудудларда бороналаш февралнинг иккинчи ярми ва мартнинг бошларида, бошқа ҳудудларда мартнинг иккинчи ярмида ўтказилади.
  Эрта баҳорги бороналаш ўтказилмаса, тупроқдаги намлик тез қуриб, чигитни табиий намлик эвазига ундириб олиш имконияти пасаяди. Бороналаш тупроқ юза қисмининг майда донадор бўлиши, намнинг узоқ сақланиши ҳамда зарарли тузларнинг юқори қатламларига кўтарилишининг олдини олиши баробарида, бегона ўтларга қарши курашда яхши самара беради.
    Эрта баҳорги бороналаш бир марта, фақат айрим холлардагина ер бети қаттиқ қатқалоқ бўлиб қолганда иккинчи маротаба ўтказилади. Яхоб суви берилган, айниқса, тупроқнинг шўри ювиладиган майдонларда ҳайдов қатлами зичлашган бўлса, эрта баҳорги бороналаш самара бермаслиги мумкин. Бундай тупроқлар борона тиркалган ҳолда чизелланади ёки дискаланади. Эрта баҳорги ишлов беришда тишли ва дискли бороналардан тўғри фойдаланиш тупроқнинг ҳайдов қатламини зичлаштирмасдан экишга сифатли тайёрлашни таъминлайди.
  Кузда шудгор қилиниб, шўри ювилган майдонларда ҳайдов қатлами зичлашмаган бўлса, 8–10 см чуқурликда 2 қаторли зиг-заг борона билан бороналанади. Бороналаш пайтида ажриқ, ғумай, қамиш ва бошқа кўп йиллик бегона ўтлар илдизи тозаланиб, даладан йиғиб-териб олиниб, ёқиб юборилади. Умуман олганда, эрта баҳорда ўтказиладиган барча агротехника тадбирларини сифатли ва ўз вақтида бажариш, тупроқ намлигидан самарали фойдаланиш, чигитни табиий намлик эвазига ундириб олиш, ғўзанинг жадал ривожланиши эвазига мўл ва эртаги ҳосил етиштиришга замин яратади.
     Б.Холиқов, Б..Ниёзалиев, Ф.Ҳасанова




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech