Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Март 2014 00:00
Кунлар илиб, тупроқ ҳарорати кўтарилган айни кунларда сабзавоткорларимиз об-ҳаво шароитидан келиб чиққан ҳолда экин майдонларининг бир қисмига совуққа чидамли, эртапишар экинларни экишни бошлаб юборишди. Зеро, сабзавоткорларимизнинг бугунги меҳнати самараси ўлароқ халқимизни илик узилди маҳалида дармондориларга бой карам, кўк пиёз, сабзи, редиска, укроп, кашнич, петрушка каби кўкатларга бўлган эҳтиёжини таъминлаш имкони яратилади.
    Эртаги сабзавотлар етиштириш режалаштирилган майдонларни экин экишга тайёрлаб қўйишга улгурмаган сабзавоткорларимиз ёғингарчиликлар кам бўлиб, ерга ишлов бериш мумкин бўлган кунларнинг ҳар бир соатидан унумли фойдаланган ҳолда экишга тайёрлаб, экиш эгатларини тортиб, қўйишлари тавсия этилади.
   Март ойида парник ва иссиқхоналарда етиштирилаётган иссиқсевар сабзавотлардан помидор, ширин қалампир, бақлажон кўчатларини парваришлаш ишлари давом эттирилади. Ниҳоллар униб чиққунча иссиқхона ҳарорати 25–30 оС атрофида бўлиши таъминланади. Ниҳол қийғос униб чиққач, 5–7 кун давомида ҳарорат кечаси 12–14, кундузи 18–20 оС атрофида сақланса, илдизи яхши ўсиб-ривожланади. Ниҳоллар 1–2 тадан чинбарг чиқаргач, бошқа алоҳида ерга 6х6 ёки 5х6 см ёки 5х5 см оралиқда кўчириб ўтқазилади.
    Ўсимликларни биринчи озиқлантириш орадан 10–15 кун ўтгандан сўнг бажарилиб, 3–3,5 м2 майдондаги кўчатларни озиқлантириш учун 10 л сувга 10–15 г сульфат аммоний, 30–35 г суперфосфат ва 10–15 г калий ўғитларини аралаштириб сепилади. Орадан яна 10–15 кун ўтказиб, иккинчи озиқлантиришга киришилади. Бунда 10 л сувга 300 г сульфат аммоний, 600 г суперфосфат ва 200 г калий сульфат аралаштириб озиқлантирилади. Кўчатларни парваришлаш даврида иссиқхона ҳаво ҳарорати кундузи 22–25, кечаси эса 12–14 оС атрофида сақланиши керак.
  Марказий минтақада жойлашган вилоятлардаги сабзавотчилик хўжаликларида карам кўчатлари, пиёз, сабзи, редиска, кўкат сабзавотлар (укроп, кашнич, петрушка, салат) уруғлари ҳамда картошка туганаклари эртаги муддатда, яъни 20 февралдан 20 мартгача, жанубий минтақада 15–20 кун илгарироқ, шимолий минтақада эса 15–25 кун кейинроқ экилади. Бунда пиёз, сабзи ҳамда кўкат сабзавотлар уруғларини СОН-2,8, СММ-4 русумли эккичларда лента шаклида, қўшқаторлаб (50+20)5 см ёки сочма усулида экиш мумкин.
    Мазкур сабзавотларни эккандан сўнг кетма-кет ҳар бир эгат устига чириган гўнг ёки ёғоч қипиғидан сепиб мульчаланса, ниҳоллар тез кунда ва тўлиқ униб чиқиши учун қулай шароит (тупроқни қиздиради ва намликни сақлайди) яратилади. Бу экинлар ҳосили етилишини ҳам тезлаштиради. Мамлакатимизнинг деярли барча минтақалари тупроқ-иқлим шароитида редиска, укроп, барра пиёз, кашнич кабиларни плёнка остида бутун қиш бўйи ўстиравериш мумкин.
   Помидор, бодринг сингари иссиқсевар ўсимликлар кўчати плёнка остига мартнинг иккинчи ярмидан бошлаб экилади. Картошка ва сабзавотларни парваришлаш қулай бўлиши учун улар қўшқатор усулида экилади ва устига тоннел шаклида плёнка тортилади. Ўсимликларнинг қулай ўсиб-ривожланиши учун барқарор об-ҳаво шароити бошланиши билан дарҳол плёнка йиғиштириб олинади.
  Совуққа чидамли экинлардан бири бўлган эртапишар карам навларининг кўчати жанубий вилоятларда 10–12 февралда, марказий минтақа вилоятларида 25 февраль – 10 мартда, шимолий минтақаларда 15–30 мартда экилади. Далага ўтқазиш пайтида кўчатларда 6–7 та барг бўлиши керак. Эртаги карам 70x25 (30) см схемада экилади. Кўчат ўтқазиб бўлингач, дала кетма-кет суғорилади. 2–3 кундан кейин, эгатлар кўздан кечирилиб, хато жойларга кўчат экилади. Кўчатлар тўлиқ тутгандан сўнг эгатлар ораси КРН-2,8А русумли культиватор билан 15–16 см чуқурликда культивация қилиниб, маъдан ўғитлар билан озиқлантирилади ва суғорилади.
   Ўсимликлар атрофи қўлда юмшатилади. Экинзор икки маротаба чопиқ қилинади. Эртаги муддатда экиш учун оқбош карамнинг серҳосил Июнская, Номер–1, Грибовский–147 навлари ва Парел F1, Фарао F1, Моррис F1, Балбро F1, Назоми F1, Томас F1, Магнус F1, Кастелло F1, Северина F1 каби дурагайларини экиш тавсия этилади. Эртаги пиёз уруғи жанубий вилоятларда 5–25 январь, марказий минтақа вилоятларида 20 февраль – 10 март, шимолий минтақаларда 5–25 мартда куз ойларида олиб қўйилган жуякларга сеялка ёрдамида ернинг нишаблигига қараб 70–90 см оралиқда экилади. Уруғлар 1,5–2 см чуқурликка кўмилади. 1 гектарга 12–15 кг уруғ сарфланади. Ўтоқ ва ягана ишлари дастлаб ниҳолларнинг бўйи 6–8 см. га етганда, пиёзларни боғлаб бозорга чиқариш мумкин бўлган пайтларда иккинчи маротаба ўтказилади.
  Қатор ораларига КРН-2,8А русумли культиватор билан 15–16 см чуқурликда ишлов берилиб, бегона ўтлар йўқотилади. Пиёзнинг маҳаллий эртапишар Зафар, Истиқлол, хориждан келтирилган Қоратол, Манас, Алдоба F1, Родар F1, Дайтона F1 каби нав ва дурагайларини экиш тавсия этилади. Сабзи уруғи жанубий вилоятларда 15–28 февраль, марказий минтақадаги вилоятларда 1–15 март, шимолий минтақаларда 15–30 мартда гектарига 3–4 кг меъёрда сепилади. Бир текис ниҳол олиш эртаги ва мўл ҳосил етиштиришнинг асосий омилларидан биридир. Тупроқ намлиги етарлича бўлган шароитда ниҳоллар 10–12 кунда униб чиқади.
  Ниҳоллар униб чиқиши билан дарҳол бегона ўтларни ўташ ва яганалашга киришиш керак. Майдон икки маротаба – дастлабкиси сабзи битта чинбарг чиқарганда, кейингиси эса 3-4 та барг чиқарганда ўтказилади. Ҳар бир ўтоқ давомида ягана қилиб борилади. Бегона ўтларни йўқотишда гербицидлардан фойдаланиш яхши самара беради. Кўп йиллик бошоқли бегона ўтларга қарши 10,4 фоизли Зеллик Супер препарати гектарига 1 л меъёрда 600 литр сувга аралаштирилиб сепилади. Бир йиллик ўтларга қарши экишдан олдин гектарига 50 фоизли Гезагард (2–3 кг/га), 20 фоизли Набу (1,5 кг/га) препаратларини бегона ўтлар 1–2 чинбарг чиқарган вақтда, 12,5 фоизли Фюзилад Супер (1–2 кг/га) препарати эса бегона ўтлар 2–4 та барг чиқарган вақтида пуркалади.
   Сабзининг маҳаллий Фаровон, Қизил мирзои–228, Мшак–95, Нурли–70, Зийнатли, хориждан келтирилган Нантская, Шантане, Нанда F1, Нансен F1 каби нав ва дурагайларини экиш тавсия этилади. Картошка ҳосилдорлигини оширишда навни тўғри танлаш ва сифатли уруғлик экиш муҳим ўрин тутади. Эртаги картошка асосан кузда тайёрлаб қўйилган майдонларга февраль–март ойларида экилади. Дала тайёр бўлмаса, эрта баҳорда тупроқ тобга келиши билан ҳайдаб, текислаб ҳар гектарига 25–30 тонна маҳаллий ўғит, фосфор ва калийли ўғитларнинг 70–75 фоизини солиб, чизел ва мола қилиб КРН-2,8А, КРО-4 русумли культиваторлар ёрдамида 70 см ёки 90 см оралиқда эгатлар олинади.
    Эрта баҳорда экиш учун картошканинг эртапишар Латона, Фреско, Импала, Розара, Санте, Невский, Арнова, Аринда, Марфона, Роко навлари тавсия этилади. Картошка ҳосилдорлигини ошириш, сифатини яхшилаш ва эрта етилишини таъминлашда туганакларни ундириб экиш муҳим аҳамиятга эга. Бу ундирилмаган туганакларни экишга қараганда ҳосилдорликни 12–15 фоиз ошириб, 10–15 кун эрта етилишини таъминлайди. Маҳаллий шароитда тайёрланган уруғлар ундириш хоналарига экишдан 30–35, четдан келтирилганлари эса 20–25 кун олдин қўйилади. Ундириш хонасида ёруғлик ва 18–22 оС даража ҳарорат яратилиши зарур. Туганакнинг яшил нишлари экиш давригача 0,5–1 см. дан ошиб кетишига йўл қўймаслик лозим, акс ҳолда экиш даврида синиб кетади.
     Уруғликлар катта-кичиклигига қараб алоҳида-алоҳида экилади. Шунда ниҳолларнинг униб чиқиши, ўсиб-ривожланиши ҳамда ҳосил етилиши бир хил бўлиши таъминланади. Кўп йиллик кузатувларга асосан, эртаги картошка экишнинг мақбул муддати Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд ва Фарғона водийси вилоятларида 25 февраль – 10 март, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятларида 15 февраль – 1 март, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм вилоятида 10–20 мартга тўғри келади. Картошка учун яхши ўтмишдош карам, бодринг, полиз экинлари, пиёз, илдизмевалилар ҳамда кузги ғалла ҳисобланади.
      Картошка қўлда экилганда экиш чуқурлиги 7–9, оралиғи эса 70х30 ёки 90х25 см. ни ташкил этиши лозим. Ниҳоллар униб чиққунча ёғингарчилик кўп бўлиб, қатқалоқ вужудга келса, эгат устига сеткалик енгил бороналар ёрдамида бир-икки маротаба ишлов берилади. Картошка палаклари тўлиқ униб чиққач, қатор ораларидаги бегона ўтларни йўқотиш мақсадида КРН-2,8 А русумли культиватор билан 14–16 см чуқурлиқда ишлов берилади. Бунда 10–12 см ҳимоя майдони қолдирилади.
    Помидор, ширин қалампир, бақлажон уруғларини тўғридан-тўғри очиқ майдонга экиш ишлари об-ҳаво шароитига қараб мартнинг охирларида амалга оширилади. Кузда 30–40 см чуқурликда шудгор қилинган майдонлар март ойида икки марта чизелланиб, мололангач, КРН-2.8А, КОН-2.8 ёки КРО-4 русумли культиваторлар ёрдамида 70 см оралиқда эгат олинади. Шундан сўнг маҳаллий чиринди ва фосфор-калий ўғитлари аралашмаси эгатнинг юқори қисмига лента усулида тўшаб чиқилади. Бу аралашма эгат тўғриланганда тупроққа қоришиб кетади. Эгатлар усти эни 50 см. кенгликдаги қора полиэтилен плёнка билан мульчаланади.
  Плёнканинг ҳар икки тарафидан 10 см қисми тупроқ остига бостирилади. Плёнкани эгат юзасидаги очиқ қисмини симметриясидан ҳар 25–30 см оралиқда 2–2,5 см кенгликда тешилиб, помидор уруғлари 1,5–2 см чуқурликка экилади. Қора плёнка остига экилган уруғлар эрта ва тўлиқ униб чиқади. Майдоннинг плёнка билан ҳимояланган қисмида бир йиллик бегона ўтларнинг униб чиқиши ва ўсиб-ривожланиши тўхтайди, тупроқ юмшоқ ва нам ҳолда сақланади. Ушбу парваришлаш усули қўлланилганда ўсимликларнинг илдизи бақувват ривожланади, тупроқнинг чуқурроқ қатламигача кириб бориши таъминланади. Бундан ташқари, помидор ўсимликларининг сувсизлик ҳамда турли касаллик ва зараркунандаларга чидамлилиги ошади.
   Эрта экилиб, ўсув давридаги барча парваришлаш тадбирлари ўз вақтида маромига етказиб амалга оширилган майдонлардаги сабзавотлар ҳам эрта етилиб, ҳосили йиғиб-териб олинган майдонларни пешма-пеш қайта экишга тайёрлаш имкони яратилади. Бу такрорий сабзавот ҳамда картошка экинларини қулай муддатларда экиб, мўл ҳосил етиштириш, халқимизни озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлиқ таъминлашнинг асосий омили ҳисобланади.
    Р.Ҳакимов, Ф.Ғаниев, Ф.Расулов




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech