Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
1 Март 2016 00:00

Мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва ички бозорни тўлдириш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада кунгабоқар, махсар ва соя экинлари уруғини ўз вақтида сифатли экиш ва парваришлаш муҳим аҳамиятга эга.

Тупроқнинг юза қатламида ҳарорат 10–12 оС га етганда кунгабоқар уруғини экиш мумкин. Бу муддат республикамизнинг асосий худудларида март ойининг иккинчи-учинчи декадаси ва апрель ойининг биринчи ярмига тўғри келади.

Республикамизда кунгабоқарнинг тезпишар, серҳосил, турли касаллик ва зараркунандаларга чидамли СУР, «Дилбар», «КК-1», «Жаҳонгир», «Осиё», «Янги Замон» навлари ва «Душко» дурагайини экишни тавсия этамиз.

Кунгабоқар бир қаторлаб, қатор оралиғи 70 см қилиб пневматик сеялкаларда экилади. Кўчат қалинлиги 70х25, 70х30 см бўлиши мақсадга мувофиқдир.

Ниҳоллар ўсиб чиққандан кейин уни парваришлашга катта аҳамият бериш керак, чунки кунгабоқар ўсимлиги 30–35 кун давомида жуда секин ўсади, бу вақтда асосан илдиз тизими яхши ривожланади.

Майсалар униб чиқиши билан, қатор оралари культивация қилинади. Шунинг учун культивацияни ўз вақтида, сифатли ўтказиш, бегона ўтларга қарши кураш олиб бориш зарур.

Биринчи культивация ниҳолларнинг бўйи 8–10 см бўлганда, иккинчи культивация 2–3 та чинбарг чиқарган вақтида амалга оширилади. Ўсимлик бўйи 80–100 см. га етганда қатор ораларига ишлов бериш тўхтатилади.

Ўтказилган тажрибалар шуни кўрсатдики, кунгабоқар ўсиш даврида, яъни гуллаш давригача энг тез ўсиб, тупроқдан фосфор ва калийни кўпроқ ўзлаштиради. Азотли ўғитлар билан эса асосан вегетация даврида озиқлантирилади. Кунгабоқарнинг эртапишар навларида минерал ўғитларнинг энг мақбул меъёрлари N200Р150К200 кг/га. ни ташкил этади. Фосфорли ва калийли ўғитларнинг йиллик миқдорининг 100 фоизи шудгордан олдин, азотли ўғитларни эса экин ўсув даврида бериш яхши самара беради. Биринчи озиқлантириш (азот йиллик миқдорининг 50 фоизини) ниҳоллар ёппасига униб чиққандан сўнг 20–25 кунда, иккинчиси (азотнинг қолган қисмини) гуллаш олдидан ўтказилиши мақсадга мувофиқ.

Эрта баҳорда ерни соя экишга тайёрлаш. Экишдан олдин тупроқда тўпланган намни сақлаб қолиш учун унинг юқори қатламини 10–12 см чуқурликда борона қилиш яхши натижа беради. Экишгача уруғнинг тозалиги ва унувчанлигини аниқлаш керак. Унувчанлиги 95 фоиздан кам бўлмаслиги, тўлиқ ниҳоллар олинишига асос бўлади. Соя уруғини экишга тайёрлашнинг асосий ишлардан бири – касалликларга қарши кимёвий препаратлардан фойдаланишдир.

Соя уруғини экишга тайёрлашда уни саралаб, йирик ва текисларини танлаб олиш зарур. Соя ниҳоллари кучсиз совуқларга чидамли уруғи юқори ҳароратда униб чиқади. Тупроқ қизиши билан, яъни тупроқ ҳарорати 14–16 оС гача қизиган бўлса, уруғни дарҳол экиш лозим. Соя қатор ораси 60–70 см кенгликда экилади. Экиш меъёри соя навларига, тупроқ-иқлим шароитига боғлиқ бўлиб, 50 кгга. дан 100 кг/га. гача бўлади. Экиш Румин, СП-4-6 ва СОН-2,8 русумли сеялкаларда амалга оширилиб, 3–6 см чуқурликда экилади. Бунда кўчат қалинлиги гектарига эртапишар навларда 300 минг, ўртапишар ва кечпишар навларда 400 минг донагача бўлади. Соянинг «Орзу», «Нафис», «Генетик-1» ва «Парвоз» навлари тезпишарлиги, серҳосиллиги билан ажралиб туради.

Соя униб чиққандан бошлаб, то ҳосилни йиғиб олгунча бир неча марта культивация, ўғитлаш, суғориш ишларини ўз вақтида ва сифатли ўтказиш зарур. Соя ниҳоллари қатор бўлиб кўриниб қолиши билан уларга ишлов берилади. Культивация тупроқ шароити ва физик ҳолатига қараб бир неча марта ўтказилади. Биринчи культвация соя ниҳоллари 3–4 чинбарг чиқарганда 10–12 см чуқурликда ўтказилади. Иккинчи ва учинчи культвация қилинганда унинг чуқурлиги 8–10 см бўлиши керак. Культивация билан биргаликда ўсимликни азот ўғити билан озиқлантирилади.

Соя тупроқ унумдорлигига жуда талабчандир. Бошқа дуккакли экинларга нисбатан тупроққа қўлланилган минерал ва органик ўғитларни ижобий қабул қилади. Минерал ўғитлардан азот-фосфорли ўғитларнинг самарадорлиги юқори бўлади.

Олимларимиз олиб борган изланишлари натижасига кўра, соя учун минерал ўғитларнинг энг мақбул меъёрлари соф ҳолда азот 90 кг, фосфор 90 кг ва калий 100 кг/га. ни ташкил этади.

Соянинг ўзидан кейин тупроқда ҳар гектарига 40–50 кг соф азот қолдириши аҳамиятлидир. Фосфор ва калий ўғитларининг 50 % миқдори шудгордан олдин солинади, қолган фосфор, калий азотли ўғитлар билан сояни озиқлантиришда 2 марта берилади. Биринчи озиқлантириш 2–3 чинбарг чиқарганда ва иккинчиси эса гуллаш даврининг охирида берилади.

Эрта баҳорда махсар экиладиган майдонлар 5–6 чуқурликда бороналанади ва мола бостирилади. Экиладиган уруғлар тозаланиб, зарур бўлган кимёвий дорилар билан ишлангач, экилади.

Экиладиган уруғларни тозалигига, унувчанлигига катта аҳамият бериш керак. Уруғнинг тозалиги 95 % бўлиши лозим. Махсар уруғини эрта баҳорда март ойининг бошида экиб, тугатиш лозим. Шунда уни ҳашаротлар кам зарарлайди, ҳосилдорлиги, уруғдаги мой кўп бўлади.

Экиш меъёри уруғнинг сифати ва экиш усулларига қараб ўзгаради. Уруғи СЗТ-3,6 русумли ғалла сеялкаларида бир қаторлаб, оралари 30 см қилиб экилади. Экиш меъёри гектарига 25 кг, қатор ораси 45 см қилиб экилганда 18–20 кг. ни ташкил этади. Шунда 1 гектар майдонда 300–350 минг дона кўчат бўлади. Тоғ ва тоғолди туманларда махсарнинг қатор орасини 30 см қилиб, гектарига 25 кг уруғ сарфланади. Уруғни 4–5 см чуқурликка ташлаш лозим. Уруғни экиш вақтида тупроқнинг ҳарорати 4–5 оС бўлса, 10–15 кунда униб чиқади. Республикамизда махсарнинг асосан «Милютинский–114» ва «Ғаллаорол» навлари экилади.

Лалми ерларда ниҳоллар униб чиқиши чўзилса, далалар албатта бир марта енгил борона қилинади. Бороналаш ҳамма майсалар униб чиқмасдан бажарилади. Агар далада ниҳоллар сони кўп бўлса, уларни яганалаш мақсадида кўндалангига енгил борона қилинади. Бу усул баъзан далани бегона ўтлардан тозалаш учун ҳам амалга оширилади. Ўсимликлар қатор ораси 60 см, кўчатлар оралиғи 10–15 см бўлиб, экиш билан бирга азот ўғити 30–40 кг. гача берилади. Эрта баҳорда нам кўп бўлган майдонларда махсар ўсимлиги ҳар хил касалликлар билан зарарланиши мумкин. Шундай ҳолатларда зараркунандаларга қарши инсектицидлар ва кимёвий ишловлар бериш керак.

Махсар лалми туманларда экилганлиги учун минерал ўғитларга кам талабчан. Бунга сабаб тупроқ қуруқ бўлганда минерал ўғитлар яхши самара бермайди. Фосфор ўғитини кузда шудгордан олдин гектарига 30–40 кг/га бериш керак. Экиш билан биргаликда 30–40 кг азот ўғити соф ҳолда берилади. Агар экиш билан бирга азот ўғити берилмаган бўлса баҳордаги бороналашдан олдин ўсимликлар барглари 7–8 см бўлганда озиқлантирилса яхши натижа беради. Махсар қисқа муддатда тўлиқ гуллаб бўлгандан кейин 20–25 кун ичида пишади.

Мойли экинларнинг етиштирилиши халқимизнинг ёғ-мой маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини янада тўлиқроқ қондириш имконини беради.

     И.Анорбоев, А.Исроилов





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech