Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
1 Март 2016 00:00

Бободеҳқонларимиз жорий йилда сабзавот, полиз ва картошка экинлари ҳосилдорлигини ўтган йилдагиданда ошириб, халқимиз дастурхонини сархил озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдиришга астойдил бел боғлаган. Бу борада асосий вазифа эртаки экинларни минтақалар тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда мақбул муддатларда экишдан иборат. Зеро, халқимиз айтганидек, эрта эккан эрта ейди.

Эртаки карам, пиёз, сабзи, лавлаги, кўкатлар ҳамда картошка экишни март ойининг биринчи ярмигача якунлаш лозим. Эртаки экинлардан бир қисмини дастлабки ўсув даврида шаффоф плёнка остида парваришлаш ниҳолларнинг барвақт униб чиқишини ва ҳосилининг камида 15–20 кун барвақт пишиб етилишини таъминлайди. Шу билан бирга, бу усул кечикиб экилган сабзавотларнинг ривожини жадаллаштиради.

Кўчатхоналарда иссиқсевар сабзавотлардан помидор, ширин қалампир, бақлажон экинларининг кўчатини парваришлаш ишлари март ойида давом эттирилади. Ниҳоллар 2–3 барг чиқарганда ораси 5х6 см қилиб кўчириб ўтқазилади. Кўчириб ўтқазилган кўчатлар 10–12 кундан сўнг биринчи маротаба озиқлантирилади. Бунда 10 литр сувга 5 г аммоний сульфат ёки карбамид, 40 г суперфосфат ёки аммофос ва 10 г калий ўғитлари эритилиб барг устидан берилади. Орадан 6–7 кун ўтгач, юқоридаги миқдор 2 марта кўпайтирилиб, иккинчи маротаба озиқлантирилади. Учинчи озиқлантириш кўчатларни очиқ далага экишдан 4–5 кун олдин амалга оширилади.

Кўчатларни парваришлашда кўчатхона ҳарорати ва тупроқ намлигига катта эътибор қаратиш лозим. Ҳаво ҳарорати юқори бўлса тупроқдаги намлик тез буғланиб кетиши мумкин.

Мамлакатимизнинг марказий минтақасида жойлашган вилоятларда эртаки экинларни экиш ишлари 20 февралдан 20 мартгача, жанубий вилоятларда бу муддатдан 15–20 кун илгарироқ, шимолий минтақаларда эса 15–25 кун кейинроқ амалга оширилади. Бу муддатда карам кўчатлари, пиёз, сабзи, редис, кўкат сабзавотлар (укроп, кашнич, петрушка, салат) уруғлари ҳамда картошка уруғлик туганаклари экилади. Плёнка ёпилган ерга уруғ экиш ва кўчат ўтқазиш очиқ ердагига нисбатан анча эртароқ бошланади. Помидор, ширин қалампир ва бақлажон сингари иссиқсевар ўсимлик кўчатлари мартнинг 2-ярмидан экила бошланади.

Совуққа нисбатан чидамли бўлган эртаки карам кўчати республикамизнинг марказий минтақасида жойлашган вилоятларда 25 февраль–10 мартда, шимолий минтақаларда 15–30 мартда экилади. Далага экиш учун 40–45 кунлик, барглари тўқ яшил, илдизлари дуркун ривожланган соғлом кўчатлар танлаб олиниб, 70x25 (30) см схемада экилади. Кўчат экилиб бўлгандан сўнг тупроқ намлигига эътибор қаратиш, талаб этилса суғориш лозим. Орадан 2–3 кун ўтгач, эгатлар кўздан кечирилиб, хато жойларга яна кўчат экилади. Кўчатлар тутгандан сўнг эгат оралари КРН-2,8А русумли культиватор билан 15–16 см чуқурликда культивация қилиниб, ўсимликлар атрофи юмшатилади, маъданли ўғитлар билан озиқлантирилади ва суғорилади.

Эртаки пиёз дастлаб ўсимликларнинг бўйи 6–8 см. га етганда, иккинчи марта боғлаб чиқариладиган товар ҳолига келганда ўтоқ ва ягана қилинади. Қатор ораларини юмшатиш ва бегона ўтларни йўқотиш мақсадида КРН-2,8А русумли культиватори билан 15–16 см чуқурликда ишлов берилади.

Жанубий вилоятларда баҳорги сабзи уруғи 15–28 февралда, марказий минтақада жойлашган вилоятларда 1–15 мартда, шимолий минтақаларда 15–30 мартда сепилади. Уруғ сарфи гектарига 3–5 кг. Парвариш жараёнидаги энг муҳим омиллардан бири ниҳолларни текис ундириб олишдир. Сабзи ниҳоллари тупроқ намлиги доимо маромида бўлганда 10–12 кунда униб чиқади.

Сабзи униб чиқиши билан дарҳол бегона ўтларни ўташ ва яганалашга киришиш лозим. Сабзи икки марта ўталади, дастлабкиси сабзи битта чинбарг чиқарганда, кейингиси эса 3–4 барг чиқарганда ўтказилади. Ҳар ўтоқ давомида ягана ҳам қилиб борилади. Бегона ўтларни йўқотиш учун гербицидлардан фойдаланиш мумкин. Кўп йиллик бошоқли бегона ўтларга қарши 10,4 фоизли “Зеллик Супер” 1 л/га меъёрда сепилади. Бир йиллик бегона ўтларга қарши, экишдан олдин гектарига 50 фоизли “Гезагард” – 2–3 кг, 20 фоизли “Набу” препарати 1,5 кг/га. дан бегона ўтлар 1–2 чинбарг чиқарган вақтда, 12,5 фоизли Фюзилад Супер препарати гектарига 1–2 кг ҳисобида бегона ўтлар уруғи 2–4 та барг чиқарган вақтида пуркалади.

Картошка ҳосилдорлигини оширишнинг асосий омилидан бири бу – экин навини тўғри танлаш ва сифатли уруғлик экиш ҳисобланади.

Эртаки муддатда экиладиган картошка экиш жараёни асосан февраль–март ойларига тўғри келади. Тавсия бўйича эртаки муддатда экиладиган картошка майдонлари кузда тайёрланмаган бўлса, ерларни ҳайдаб, текислаб ҳар гектарига 25–30 тонна чириган маҳаллий ўғит, фосфор, калийли ўғитларни 70–75 % солинади, чизель ва мола қилиниб КРН-2,8А, КРО-4 русумли культиваторлар ёрдамида 70 см ёки 90 см оралиқда суғориш эгатлари олиниб экишга тайёрланади.

Ундириб экилган уруғлик картошка туганаклари ҳосилини эрта пишишини, юқори ва сифатли ҳосил олишни таъминлайди. Ундирилган туганакларни баҳорги муддатларда экиш ундирилмаган туганакларни экишга қараганда ҳосилни 12–15% ошириб, 10–15 кун эрта пишишига имкон беради.

Маҳаллий шароитда тайёрланган уруғлар ундириш хоналарига экишдан 30–35 кун олдин, четдан келтирилган уруғликлар 20–25 кун илгари қўйилади. Ундириш хонасида ёруғлик ва 18–22 оС даража иссиқ ҳарорат яратилиши лозим. Туганакнинг яшил нишлари экиш давригача 0,5–1 см. дан ошиқ ўсиб кетишига йўл қўймаслик лозим, акс ҳолда экиш даврида синиб кетади. Уруғликларни катта кичикларига қараб алоҳида экилади. Бунда ўсимликларни ердан униб чиқиши, ўсиб-ривожланиши ҳамда ҳосил етилиши бир хил бўлишини таъминлайди. Бунда 50–60 граммлик туганакларни экиш мақсадга мувофиқ. 80 грамм ва ундан юқори вазнли туганакларни 2–3 бўлакка бўлиб экиш мумкин.

Картошкани экиш олдиндан тайёрлаб қўйилган майдонга картошка эккич ёки қўлда экиш ишлари амалга оширилади. Экиш чуқурлиги 7–9 см, схемаси эса 70х30 см ёки 90х25 см. ни ташкил этади. Картошка касалликларини олдини олиш мақсадида 2,5 фоизли “Максим” (0,4 л/т), 31,2 фоизли “Селес-топ” (0,6 л/т), 69 фоизли “Акробат МЦ” (2,0 кг/т) препаратларидан бирортаси билан туганакларга ишлов бериш тавсия этилади.

Экиш тугаллангач, уруғлар униб чиқиш давргача ёғингарчилик кўп бўлиб, эгат устида қатқалоқ вужудга келган майдонларга уруғларнинг бир текис, тўлиқ униб чиқишини таъмин этиш қатқалоққа қарши бир-икки маротаба ишлов берилади. Майдонлар уруғлик тўлиқ униб чиққунча об-ҳаво ва ер шароитига кўра 1–2 марта суғорилади.

Иссиқсевар томатдош экинлардан помидор, ширин қалампир, бақлажон экинлари уруғларини очиқ майдонларга тўғридан-тўғри экиш ишлари об-ҳаво шароитига қараб март ойининг 3-декадасида амалга оширилади. Бунинг учун ер майдонлари тайёрлаш ишлари ўта сифатли бажарилиши лозим. Куз ойларида 30–40 см чуқурликда шудгор қилинган ер майдонлари март ойида икки марта чизелланиб, малолангач, 70 см оралиқда КРН-2.8А, КОН-2.8 ёки КРО-4 русумли культиваторлар ёрдамида эгат олинади.

Эгат олингандан сўнг унинг устига чиринди ва фосфор-калий ўғитлари аралашмаси лента усулида тўшаб чиқилади. Бу тўшалган аралашма эгат тўғриланганда тупроқ билан қоришиб кетади. Экиш эгатлари эни 50 см кенгликдаги қора полиэтилен плёнка билан мульчаланади. Плёнканинг ҳар икки тарафидан 10 см қисми тупроқ билан ёпилади. Плёнкани эгат юзасидаги очиқ қисмини симметриясидан ҳар 25–30 см оралиқда 2–2,5 см кенликда тешилиб 1,5–2 см чуқурликда помидор, ширин қалампир ва бақлажон уруғлари экилади. Қора плёнка остига экилган уруғлар эрта ва тўлиқ униб чиқади. Майдоннинг плёнка билан ҳимояланган қисмида бир йиллик бегона ўтларни униб чиқиши ва ўсиб-ривожланиши тўхтайди, тупроқ юмшоқ ва нам ҳолда сақланади. Ушбу парваришлаш усули қўлланилганда ўсимликларнинг илдиз қисми бақувват бўлиб ривожланади, тупроқнинг чуқурроқ қатламигача ўсиб бориши таъминланади.
          Р.Ҳакимов, Ф.Расулов




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech