Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
1 Март 2016 00:00

Республикамиз фермер хўжаликлари, муқобил ва туман машина-трактор паркларида бараналар, чизель-культиваторлар, мола-текислагичлар, чигит экиш сеялкалари каби пахта майдонлари тупроқларини экишга тайёрлаш ва чигит экиш машиналарини таъмирлаш ва қабул қилиш ишлари қизғин кетмоқда.

Механизаторлар, муҳандис-техник ходимлар ва қабул комиссиялари аъзолари устахоналарда таъмирлаш ишларини ташкил этиш ва назорат қилишда қуйидаги шартларни бажарилишига алоҳида эътибор беришлари лозим.

Тишли бороналарни таъмирлаш. БЗСС-1,0, БЗТС-1 ва БЗТХ-1,0 русумли тишли бороналарда қуйидаги нуқсонлар кўпроқ учрайди: тишлар маҳкамланадиган планкалар ва борона секцияларини бир-бири билан улайдиган илгакларни эгилиши ва буралиши, тишларни ўтмасланиши, ейилиши ва эгилиши.

Таъмирланган тишлар бир хил узунликда бўлиши ҳамда ўткир учининг қалинлиги 2 мм. дан ошмаслиги лозим. Янги тишнинг узунлиги 16 см бўлади.

Қуйидаги шартлар бажарилганда тишли борона тўғри таъмирланган ҳисобланади:

- борона планкалари ва тишларининг эгиклиги 3 мм. дан ошмаслиги лозим;

- тишлар планкага гайка ва шайбалар ёрдамида маҳкамланган бўлиши ҳамда улардаги резьбаларнинг 2–4 ўрами гайка юзасидан ташқарига чиқиб туриши керак;

- тишлар планкаларга қирраси ва ўткир томони билан ҳаракат йўналишига қараб турадиган қилиб ўрнатилиши даркор;

Дискли бороналарни таъмирлаш. БДТ-2,2, БДТ-3,0 ва ТДБ-3/5 русумли дискли бороналарда энг кўп таъмирталаб қисм – бу сферик дисклардир. Улар сиртлари қийшайган, қиррали ўтмаслашган бўлади. Сиртларни жойида ўриб тўғрилаш мумкин эмас. Қийшайган диск ўқидан ечиб олинади, мослашган андоза устига жойлаштирилади ва болға билан бир текис қилиб тўғриланади. Дискнинг заводдан келтирилган янгиси андоза вазифасини бажариши мумкин. Диск батареясининг ўқи эгилган бўлса, бол­ғаланиб тўғриланади. Борона рамасидаги дарз кетган жойлар пайвандланади. ТДБ-3/5 боронанинг таянч ғилдираги шиналари батамом едирилган бўлса, янгиларига алмаштирилади. БДТ-3,0 боронадаги темир ғилдиракларнинг гардишлари эгилган бўлса тўғриланади, дарзлар пайвандланади, носоз подшипниклар ўрнига созлари қўйилади.

Чизель-культиваторларни таъмирлаш. ЧКУ-4А ва ЧК-4-6 чизель-культиваторларда юмшатувчи ва ўқёйсимон панжаларнинг ейилиши, ўтмасланиши ва синиши; улар ўрнатилган устунларнинг эгилиши ва буралиши; втулкалар, сальниклар бошқа туташма деталлардаги резьбаларнинг ейилиши; подшипник соққаларининг тўкилиши ва стопорларнинг ейилиши ва синиши; иш органлари ва бороналарни кўтариш механизмлари қисмларининг эгилиши ва буралиши каби носозликларни тузатиш талаб қилинади.

Ўтмасланган юмшатувчи ва ўқёйсимон панжалар юқори томонидан чархланиб тикланади. Бунда тиғларнинг қалинлиги 1 мм. дан катта бўлмаслиги лозим.

Иш органларининг устунлари эгилган ва буралган бўлса, улар қиздириб тўғриланади. Панжалар устунларга сирти ярим доира шаклидаги болтлар билан маҳкамланиши керак. Устунлар эса рамага асосий болтдан ташқари иккита сақловчи (муҳофазаловчи) болтлар ёрдамида ўрнатилади.

Ейилган втулкалар, салниклар, тўкилган подшипниклар, уларнинг қийшайган ёки синган стопорлари ҳамда бошқа носоз деталлар янгисига алмаштирилади.

Ўғит солувчи аппаратнинг бункерларидаги тешиклар ва ёриқлар пайвандланади. Айланувчи қисмлардаги носоз подшипниклар алмаштирилади. Ўғит солиш меъёрини ростловчи механизм деталлари эгилган, едирилган бўлса таъмирланади.

Раманинг эгилган қисмлари тўғриланади, ёриқлар пайванд қилинади.

МВ-6,0 мола текислагичда кесувчи пичоқлар тўмтоқлашган бўлса, уларнинг тиғлари темирчилик усули билан ўткирланади.

Таъмирдан чиқарилган чигит экиш сеялкаларига қўйиладиган талаблар:

- чигит солинадиган банкаларда тешикларнинг бўлмаслиги (чигит ерга тўкилмайди);

- банка тубига жойлашган чигит тўзитгич ва узатма тишларининг бутунлиги (банкага солинган чигитлар бир-бирига ёпишиб қолмайди, деталлар яхши айланади);

- чигит сарфи меъёрини ростлайдиган заслонка дарчаларининг енгил очилиб - ёпилиши;

- уруғ ўтказгичларда ёриқлар ва тешикларнинг бўлмаслиги;

- сошникнинг тагидаги пичоғи ўткир, жағлари керилган, полозининг олд томони эса ёй шаклида кўтарилган бўлиши (чигит тушадиган ариқчалар яхши очилади, полоз олдида тупроқ тўпланиб қолмайди);

- сошник орқасида жойлашган зичлагич ғилдиракча, загортачлар ва прикатка ўз ўқлари атрофида эркин айланиши, барча сиртларнинг текис бўлиши;

- сошник секциясидаги пружиналарнинг созлиги ва тўғри ўрнатилганлиги (пружиналарда зарур таранглик ва уни керагича ростлаш имкониятлари бўлади);

- сеялкадаги барча ростлаш механизмларининг (чигит сарфи меъёри, экиш чуқурлиги, пружиналарнинг таранглиги) созлиги (чигит агроном томонидан белгиланган миқдорда ва чуқурликда экилади).

«Кейс-1200» русумдаги пневматик сеялкалар вилоятлар сервис марказларида таъмирланади. Таъмирдан чиқарилган сеялкаларни қабул қилишда пневматик система узеллари ва деталлари, уруғ банкалари ва қувурлари, чигитни доналаб экувчи аппаратлар, экиш чуқурлигини ростловчи пружиналар, эгат тупроқларини зичловчи ғилдиракларнинг техник ҳолати текширилади, соз деб топилсагина далолатнома тузилади.

Шундай қилиб, машиналар талаблар даражасида таъмирдан чиқарилса ва улар комиссиялар томонидан тўғри қабул қилиб олинса, ерлар экишга майин тупроқли ва текисланган ҳолатда тайёрланади, чигит экиш сифати ошади, уруғлик сарфи эса камаяди.

        М.Тошболтаев





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech