Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
1 Март 2016 00:00

Бу йилги шароитда тупроқдаги намни сақлашда эрта баҳорда ўтказиладиган бороналаш экиш олдидан тупроқни майин, донадор, зичлигининг меъёрида бўлишига олиб келади ва табиий намликни яхши сақлаш хусусиятини оширади. Натижада чигит бир хил чуқурлик ва намга экилади, ниҳоллар текис униб чиқади, ғўза барвақт ўсиб-ривожланади, ҳосилдорлик ошади.

Ерларни экишга тайёрлаш. Ўрта ва кучли даражада бегона ўтлар босган майдонларда ясси кесувчи ишчи органлар ўрнатилган ҳолда чизелга тиркалган бороналар ёрдамида кўп йиллик бегона ўтлар илдизлари тозалаб чиқарилади. Юзада қолган илдизлар эса қўлда терилиб, ёқиб юборилади. Сўнг нотекисликларни бартараф этиш учун мола бостирилади. Чизель ўтказишда ишлов чуқурлиги 13–15 см, бўлиши керак. Кучли даражада кўп йиллик бегона ўтлар билан зарарланган майдонларда, истисно тариқасида, ағдаргичи олиб ташланган, орқасига борона тиркалган омоч билан 16–18 см чуқурликда юмшатиш ҳисобига уларнинг илдизлари тупроқ юзасига чиқарилади ва тароқлаб ташланади.

Экиш олдидан юза ишлов бериш типик бўз ва ўтлоқи тупроқларда яхши натижа беради. Яхоб суви берилган майдонларда борона ва мола тиркалган ҳолда юмшатилади. Шу майдонларга кузда пушта ёки эрта баҳорда нам тўплаш мақсадида олинадиган пушталар суғориш ўтказилгандан сўнг етилиши билан енгил борона ўтказилади ва чигит экишга киришилади.

Шўри ювиладиган Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Сирдарё, Жиззах, Навоий, Бухоро, Қашқадарё ва бошқа вилоятлар майдонлари чизель орқасига борона тиркалган ҳолда зичлашган қатлам чуқурлигида юмшатилади.

Механик таркиби оғир тупроқларга чизель ёрдамида 15–17 см. гача чуқурликда ишлов берилади. Бунда чизель орқасига борона тиркалган бўлиши лозим. Енгил ва ўртача ўтлоқи тупроқлар фақат борона ва мола қилинса, етарли бўлади.

Агар кузда шудгор остига минерал ўғитлар солинмаган далалар бўлса, шўри ювилган майдонларда экиш олдидан фосфорли ўғитлар йиллик меъёрининг 60–70 фоизи (физик ҳолда аммофос 200 кг/га ёки РS-Агро 250 кг/га ёки супрефос 385 кг/га ёки нитрофос 600 кг/га) ҳамда маҳаллий калийли ўғитларнинг 50 фоизи (калий хлориди 80 кг/га) чизель-борона остига солинади.

Қорақалпоғистон Республикаси ва Бухоро вилоятининг жанубий туманларида дала чизелланиб, борона босилгандан сўнг, оғир мола билан кўндалангига икки марта ишлов берилади. Айрим далаларда ушбу тадбир
3–4 марта ўтказилиши мумкин. Республиканинг шимолий туманларидаги ўтлоқи-ботқоқ, ўтлоқи-аллювиал, тақир ва ботқоқлашиб бораётган ботқоқ-ўтлоқи тупроқларда ер эрта баҳорда етилиши билан марза (чел) ва дамбалар текисланади. Ундан сўнг кўндалангига икки қаторли борона билан ишланади. Бошқа агротехник тадбирлар жанубий туманлардагидек амалга оширилади.

Қашқадарё вилоятининг тоғ олди минтақасидаги Шаҳрисабз, Яккабоғ туманлари, Чироқчи ва Қамаши туманларининг бир қисми, чўл минтақасидаги Қарши, Касби, Косон, Нишон, Муборак, Миришкор туманлари ҳамда Чироқчи, Қамаши, Ғузор туманларини бир қисмида тупроғи шўрланмаган, мелиоратив ҳолати яхши ерларда чигитни тупроқнинг табиий намига ундириб олинадиган жойларда тўпланган намликни сақлаш мақсадида бороналаш талаб этилади. Бунинг учун ер оби-тобига келиши билан шудгор ўтказилган далаларда ёппасига тупроқнинг юза (8–10 см) қатлами борона билан юмшатилади.

Сурхондарё, Сирдарё (Боявут тумани), Фарғона ва бошқа вилоятларнинг айрим туманларида пушта олинган далаларни бороналашда, чопиқ тракторларининг олдинги икки қанотига осилган махсус бороналардан фойдаланилади. Шунда пушта ва жўяклар трактор ғилдираги билан эзилмайди, тупроқ зичланмайди.

Шўри ювилган Сирдарё, Жиззах ва Бухоро вилоятлари пахта майдонларида намлик юқори меъёрида бўлганлиги учун аввал чизелланади. Бунда ерлар чизель культиваторлари билан ишлов берилиб, сўнгра изма-из 1–2 марта борона ва мола босилади. Чизелга борона тиркалган ҳолатда ишлов ўтказиш ҳам мумкин.

Шўр ювилган майдонларга техникани керагидан ортиқча киритмасликка алоҳида эьтибор бериш керак, чунки техникани юриши ҳисобига ерларнинг юқори даражада зичланишига олиб келади ва ушбу майдонларда ниҳоллар ҳар хил муддатда униб чиқиб, бир текис кўчат олинмайди.

Фарғона водийсида тупроқ кесаксиз майин ҳолатга келтирилиши, ер яхшилаб юмшатилиши талаб этилади. Бунда, чизель, борона, мола ва айниқса, фрезерли культиваторлардан фойдаланиш яхши самара беради.

Андижон вилояти деҳқонларининг кўп йиллик тажрибасига таянган ҳолда плёнка остига чигит экиладиган майдонларда кузда пушта олиб қўйиш, экиш олдидан бажариладиган юмушлар сонини минималлаштириш, тупроқ зичланишини камайтириш имконини беради. Бунда экиш олдидан махсус бороналар билан тупроқнинг юза қисмига ишлов берилиб, чигит экишга киришилади.

Тупроқнинг табиий намлигига чигитни ундириб олиш қийин бўлган (Сурхондарё, Қашқадарё ва бошқа) жойларда тупроққа нам тўплаш мақсадида 20–25 см пушта олиш билан қишда тўпланган намлик анча сақланади. Нам етмайдиган майдонларда эса гектарига 600–700 м3 миқдорида захира суви берилади. Бу тадбирни ўтказишдан мақсад чигитни тупроқнинг табиий намига текис ундириб олишдир.

Чигитни экишга тайёрлаш. Маълумки, ташқи муҳит шароитлари – ҳарорат, намлик ва ташкилий ишлар тўғри уйғунлаштириб олиб борилгандагина чигит соғлом ва қийғос униб чиқади.

Унувчанлиги 90–95 фоиздан кам бўлмаган, намлиги 8–10 фоиз, механик шикастланганлиги 7–8 фоиздан ошмаган, сараланган, дориланган, яхши сақланган юқори сифатли уруғлик чигитларни экиш тавсия этилади.

Фермер хўжаликлари раҳбарлари тукли чигитни экишда уни намлашга эътибор беришлари керак. Чунки, тукли чигитни намлаш муҳим тадбирлардан биридир. 1 тонна уруғлик чигитни 60 фоиз миқдорда намлаш учун 600 литр меъёрда сув сарфланади. Чигитлар махсус уруғлик чигит тайёрлаш цехларида тозаланади, сараланади, туксизлантирилади ҳамда Далброн, П-4 ва бошқа уруғдорилар билан дориланади. Чигитни намлаш ишлари олдиндан тайёрланган, бетонланган махсус майдончаларда ўтказиш мақсадга мувофиқдир. Махсус майдончаларнинг бўйи 3–4 метрдан 5–6 метргача, эни 2–3 м ва чуқурлиги 30–35 см ўлчамда бўлиши мумкин.

Чигитни намлаш вақтида сувнинг оқиб кетишига йўл қўймаслик керак. Намлаш учун аввал чигитни 20–25 см қалинликда ёйиш ва биринчи марта учун белгиланган (200 л) меъёрдаги сув қуйилиб, ишчилар бир бирига қарама-қарши туриб, ёғоч курак билан чигитни бетўхтов аралаштириб туришади. Чигит талаб даражасида намлангач, сув шимилгач бир жойга
60–70 см қалинликда тўпланади ва 3–4 соат димлаб қўйилади. Кейинги босқичда яна 200 л сув сепилади ва аралаштирилиб 4–5 соат, учинчи марта яна 200 л сув билан аралаштирилиб 5–6 соат димланади. Шундай намланган тукли чигит қобиғи юмшаб, бўкиб, сеялкани экиш аппаратидан дона-дона тушадиган ҳолатда бўлади ҳамда чигитнинг тўлиқ ва сифатли намланишига эришилади, бу эса тупроқ намлиги кам бўлган сув танқис йиллари чигитнинг униб чиқишига ижобий таъсир этади. Намлаш билан биргаликда экиш олдидан ёки уруғлик чигит тайёрлаш заводларида тукли ва туксизлантирилган чигитларга стимуляторлар билан ишлов бериш соғлом ва бир текис ниҳол ундириб олишни таъминлайди. Бунда, Гумимакс 0,8–1,0 л/т, Узгуми 0,7–0,8 л/т, Фитовак 200-300 мл/т, Альбит 50–75 мл/т меъёрда қўлланилиши мумкин.

Тўғри ва илмий тавсиялар асосида намланган чигитни сақланиш муддати 18 соатдан ошмаслиги даркор. Уруғни намлашда бир кунда қанча майдонга экиш, далага олиб бориш ва бошқа ишларга кетадиган вақт ҳам ҳисобга олиниши чигит исрофини камайтиради.

Туксиз чигитлар уруғлик чигит тайёрлаш цехларида сараланиб, уруғдорилар билан дориланиб экишга тайёрланади ва далаларга олиб келингандан сўнг намланмасдан экилади.

Чигит экиш. Чигитни мақбул муддатда экиш, тупроқнинг табиий намлигидан оқилона фойдаланиб, униб чиқиши туфайли кейинчалик ғўзанинг сувсизликка бардошлилигини оширади, ҳосили мўл бўлади. Шу сабабли фермерлар экиш мавсумини қисқа муддатларда сифатли ўтказиш учун чигит экадиган техника ва агрегатларга, механизатор ва сеялкачиларга, уруғлик чигитни намлаш ва етказиб берувчиларга, умуман барча ташкилий ишларга жиддий эътибор беришлари керак.

Мамлакатимизнинг турли тупроқ-иқлим шароитларида чигит экишга тупроқнинг 0–10 см чуқурликдаги ўртача ҳароратини инобатга олиб, тукли чигитларни экиш учун тупроқнинг 0–10 см қатламидаги ўртача ҳарорат 12–14 оС, туксизлантирилган чигит экиш учун 14–16 оС даража бўлгани маъқул. Тупроқнинг етилганлигини далада қуйидаги оддий усулда аниқлаш мумкин: чигит экиладиган майдондаги тупроқни қўлда сиқиб, ғўлалаб ерга ташлаб юборилганда майдаланиб кетиши керак.

Чигит экишни тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиққан холда кўп йиллик маълумотларга кўра, Сурхондарё вилоятининг жанубий туманларида 25 мартдан 10 апрелгача, шимолий туманларида 1–10 апрель, Қашқадарё вилоятининг чўл минтақасидаги туманларида 1–10 апрель, тоғолди туманларда эса 5–15 апрель мақбул ҳисобланади. Жорий йилда бу муддатни белгилашда об-ҳаво шароитини кузатиб бориш зарур. Чигит пуштага экиладиган ёки чигит суви бериладиган майдонларда суғориш ишларини экишдан 10–15 кун олдин бошлаш лозим.

Кўп йиллик илмий маълумотларга кўра, Қорақалпоғистон Республикасида чигит экишнинг мақбул муддати жанубий туманларда 10–20 апрель, шимолий туманларда 20–30 апрель, Хоразм вилоятида 10–25 апрель ҳисобланади.

Тошкент вилоятида 5–15 апрель, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида 1–12 апрель мақбул муддат ҳисобланади.

Самарқанд ва Навоий вилоятларининг тупроғи оғир механик таркибли, юза қатлами тезда қотиб қоладиган тоғолди ва ярим чўл ҳудудларида 5–12, Бухоро вилоятида 1–10 апрель энг қулай муддатдир.

Фарғона водийси вилоятларида чигит экишнинг мақбул муддати 1–15 апрель ҳисобланади. Плёнка остига эса 25 мартдан 5 апрелгача экиш лозим. Аммо об-ҳавонинг келишига қараб, ушбу муддатлар бироз эрта ўтказилиши мумкин. Чигит плёнка остига бир қаторлаб экилганда туксизлантирилган чигит сарфи 25–30 кг бўлса, қўш қатор усулида уруғ сарфи 20–30% кўпроқ бўлади.

Чигит экишни биринчи навбатда, тез етилиб қизийдиган енгил, ўртача қумоқ майдонларда, кейин эса оғир тупроқларда ўтказиш керак. Тупроқ ҳарорати паст бўлганда экилган чигитнинг бир қисми чириб кетади ва ниҳоллар сийрак униб чиқади, бунга йўл кўймаслик лозим.

Чигит механик таркиби оғир, секин қизийдиган тупроқларда 3–4 см, бошқа барча тупроқларда 4–5 см чуқурликда экилади. Об-ҳавонинг келишига қараб, ҳар бир даланинг ҳолатидан келиб чиқиб, экиш чуқурлиги бироз юза ёки чуқурроқ ҳам бўлиши мумкин. Далалар чети, симёғоч ва ўқариқлар атрофига ҳам чигит тўлиқ экилгандан кейингина экиш якунланган ҳисобланади. Шундагина барча майдонларда тўлиқ гектарлар ҳосил қилинади.

Чигит экишда унинг меъёрига алоҳида аҳамият бериш даркор. Тукли чигит гектарига 45–55 кг экилса, туксиз чигитлар 25–30 кг миқдорда экилади. Агар чигит қўш қатор усулида экилса, якка қаторларга нисбатан 20–25 кг кўпроқ уруғлик сарфланади. Шу меъёрларда экилган чигитлар далада мақбул кўчат қалинлиги ҳосил қилишни таъминлайди.

Чигит экиш билан бир вақтда гектарига соф ҳолда 15–20 кг азот, 20–25 кг фосфорли ўғитлар сеялкага ўрнатилган махсус мосламалар ёрдамида экиш чизиғидан 5–7 см четга, 12–14 см чуқурликка солинса, ниҳоллар дуркун ва соғлом ўсиб ривожланади. Бегона ўтларга қарши Стомп (Эстамп, Стоп)
0,8–1,0 л/га, Которан 1,0–1,2 кг/га ва бошқа гербицидлардан сепилса, бегона ўтлар зарари камаяди, ортиқча 1–2 марта чопиқ ишларини ўтказишга ҳожат қолмайди.

Таъкидлаш керакки, ғўзани қўшқаторлаб экиш балл-бонитети 30–40 ва 50 баллик, текис, механик таркиби енгил (қумли, қумоқ, тош-шағалли) ва ўрта қумоқ тупроқларда, кўп йиллик ва бир йиллик бегона ўтлар кам учрайдиган далаларга жойлаштирилиши лозим. Кўчат қалинлиги бир қаторлаб экишга нисбатан ўртача унумдор тупроқларда 20–30, унумдорлиги паст тупроқларда 35–40 фоиз кўпроқ қолдирилади. Бу усулда экилган майдонларда пахта ҳосили 10–13 кун эрта етилади, ҳосилдорлик 6–8 ц/га юқори бўлади. Чигит экишда кенг қамровли (8 қаторли) сеялкалардан фойдаланиш тупроқ зичланишининг олдини олади, иш унумини оширади ва тупроқда тўпланган табиий намга қисқа муддатда чигит экишни таъминлайди.

Чигит экишни, юқоридаги илмий агротехник талабларга тўлиқ риоя қилган ҳолда ўтказиш, ерга қадалган уруғни тупроқнинг табиий намига ундириб олишни ва майдонларда соғлом ва бир текис ниҳоллар ҳосил қилишни таъминлайди ҳамда юқори ҳосил етиштиришга замин тайёрлайди.

     Ш.Намозов, Ш.Абдуалимов





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech