Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
1 Март 2016 00:00

Жорий йилнинг январь, февраль ойларининг илиқ, қурғоқчил келиши кузги ғалла ривожида жуда кўп қийинчиликлар туғдирмоқда. Бундай об-ҳаво шароитида кузги ғалла қишки тиним даврини ўтиши, касалликлар ва зараркунандаларни пайдо бўлиши, ривожланиши, бегона ўтлар кескин кўпайиб, ривожланиши кутилмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, март ойи кузги ғаллани асосий ривожланиш даврига ўтиши кузатилади. Яъни ғалланинг туплаш давридан найчалаш даврига ўтилади. Шунинг учун 2016 йил ҳосили учун экилган кузги бошоқли дон экинларини ривожланиш фазаларига қараб қатор чора-тадбирларни амалга ошириш талаб қилинади.

Туплаш фазаси ёғин миқдори ва ҳаво ҳароратига қараб давом этади. Республикамизнинг асосий ҳудудларида ғаллани тупланиши март ойи охиригача давом этади. Бу даврда ғалла майдонларига суспензия билан ишлов берилиши яхши самара беради. Бунда 1 гектар майдон ҳисобига 10–12 кг физик ҳолдаги мочевина (карбомид) минерал ўғитини сувда эритиб, барг орқали ниҳолларга қўл аппарати, штангали ёки ОВХ пуркагичлар ёрдамида ишлов берилади. Бундан ташқари УзГУМИ (0,3–0,4 л/га), Гумимакс двойная сила (0,2–0,3 л/га), Эдагум (0,45 л/га) каби биостимуляторлар билан ишлов бериш ҳам самаралидир.

Бошоқли дон экинларининг бу даврида занг касаллигининг дастлабки ўчоқлари пайдо бўла бошлайди, бегона ўтларнинг ривожланиши авж олади. Шунинг учун бу даврдан бошлаб дала кузатув ишларини кучайтириш лозим. Занг касаллиги аломати ва бегона ўтлар пайдо бўла бошлаган бўлса, уларнинг ҳолатига қараб, қарши кураш чораларини кўриш тавсия қилинади.

Ғалланинг найчалаш даврида тупроқнинг озуқа элементлари билан таъминланишига қараб бошоқнинг узун ёки калта ҳамда бошоқдаги бошоқчаларининг кўп ёки кам бўлиши белгиланади.

Ушбу даврда ғаллазорларнинг биринчи озиқлантириш ишларини бошлаб, физик тук ҳолда 150–180 кг/га миқдорда (йиллик азот меъёрининг 25 фоизи) азотли ўғитлар билан озиқлантириб, суғоришни шарбат усулида амалга ошириш яхши самара беради.

Бошоқли дон экинлари туплаш даврининг охири ва найчалаш даврининг бошланишида 2-озиқлантиришни ўтказиш керак. Ғаллазорнинг ҳолатига қараб йиллик азотли ўғитнинг 45–50 фоизини ёки гектарига 250–300 кг. дан азотли ўғит бериш зарур. Ўғит солингандан сўнг зудлик билан суғорилиши керак.

Ғаллазорларда дастлабки озиқлантириш ва суғориш ишлари ниҳоясига етгандан сўнг, табиийки ғалла билан биргаликда бир ва кўп йиллик бошоқдошлар оиласига (ёввоий сули (оқ бош), райграс, тулкидум ва бошқ.) ҳамда бир йиллик ва кўп йиллик икки паллали (жағ-жағ, ихрож, чақамиқ ва бошқ.) бегона ўтларнинг ривожланиши жадаллашади. Бунда ғаллазорлардаги бегона ўтлар турига ва сонига қараб Топик (0,3–0,4 л/га), Атлантис (0,25–0,3 кг/га), Тердок (0,3–0,4 л/га), Энто Супер (0,6–0,8 л/га), Энтостар плюс, Гранстар Плюс (30 г/га), Энторане (0,75–1,0 л/га) каби ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат кимё комиссияси томонидан рухсат этилган гербицидлардан фойдаланиш лозим.

Шунингдек, бу даврда ғалла майдонларини иккинчи марта суспензия билан барг орқали озиқлантирилиши, барг сатҳининг қалинлашиши туфайли ҳосилга ҳосил қўшилади, касаллик ва ҳашаротларга чидамлилигини оширади. Бунда 1 гектар майдон ҳисобига 20–25 кг физик ҳолдаги мочевина (карбомид) минерал ўғитини сувда эритиб, барг орқали ниҳолларга қўл аппарати, штангали ёки ОВХ пуркагичлар ёрдамида ишлов берилади. Бундан ташқари УзГУМИ (0,3–0,4 л/га), Гумимакс двойная сила (0,2–0,3 л/га), Эдагум (0,45 л/га) каби биостимуляторлари ҳам яхши самара беради.

Март ойининг бошларида агрономларнинг хулосаларига кўра, касаллик, зараркунанда ҳашаротлар ва бегона ўтлардан кучли зарарланадиган майдонлар аниқлаб чиқилишига алоҳида эътибор бериш керак.

Сўнгги йилларда минтақамиз об-ҳавосида бўлаётган ўзгаришлар туфайли, аксарият ғалла майдонларига сариқ занг касаллиги катта зарар келтирмоқда. Шуни унутмаслик керакки, эътиборсизлик оқибатида занг касалликлари ўта ривожланган ғалла майдонларида дон ҳосилдорлиги камайиб кетади.

Буғдой найчалаш фазасида озиқлантирилгандан кейин гектарига 600–650 м3 меъёрда суғориш ишларини шарбат усулида амалга ошириш керак.

Об-ҳаво мураккаб, қуруқ келаётган айни шароитда ғаллакорлар ва мутахассислар ҳамкорлиги ниҳоятда муҳимдир. Бу ўз навбатида, ҳар бир майдоннинг доимий назоратини ташкил этиш, шу мақсадда вилоят ва туманларда ғалла майсалари ҳолатини ўрганиб, амалий ёрдам берувчи гуруҳлар тузишни тақозо этади.

    Р.Сиддиқов, А.Мансуров





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech