Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Май 2016 00:00

Жорий йилдаги баҳор фасли 15–20 кун эрта бошланиши, кунларни барвақт исиши ҳамда март ойининг серёғин келиши сабзавотчиликда амалга ошириладиган тадбирларга ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Вазият барча агротехник тадбирларни об-ҳаво шароити ва экинларни ўсиб-ривожланишини инобатга олган ҳолда олиб боришни талаб этади.

Сабзавоткорлар ер ости сувлари жойлашишига эътибор берган ҳолда майдондаги экинларни ҳар 12–14 кунда гектарига 450–500 м3 ҳисобида сув билан суғоришлари лозим. Ҳар икки суғориш оралиғида эгат қатор ораларини 12–14 см чуқурликда юмшатиб турилиши талаб этилади.

Помидор кўчатлари ўзини яхши тутиб олиши учун суғорилганидан 10–12 кун ўтгач ўсимлик қатор ораларига 12–14 см чуқурликда биринчи ишлов берилади, ўсимликлар ораси ва атрофи эса қўлда енгил чопиқ қилинади, сўнгра суғориш эгатларини тортиш билан бирга ҳар бир гектар майдон ҳисобига 70–80 кг дан азотли ўғит солиниб, кетидан суғориш ўтказилади.

Биринчи ишловдан 13–15 кун ўтгач тупроқ намлигига қараб ўсимликлар суғорилади ва тупроқ етилиши билан иккинчи ишлов берилади. Бунда экин қатор оралари 15–16 см чуқурлиқда юмшатилиб, ўсимликлар атрофидаги бегона ўтларни йўқотиш учун яхшилаб чопиб чиқилади, сўнгра сув эгатларини тортиш билан бирга гектар ҳисобига 80–90 кг азотли ва 50 кг калийли ўғитлар бирга солиниб, кетидан яна бир бор суғорилади.

Ширинқалампир ва бақлажон кўчатларини очиқ майдонларга экиш тугаллангандан 2–3 кун оралатиб майдондаги хато ёки тутмаган кўчатлар ўрнига яхши ривожланган кўчатлар экиб чиқилиши лозим.

Бўз тупроқларда ширинқалампир ва бақлажон ҳосилини етиштиришда гектарига 20 тонна гўнг берилганда соф ҳолда 200 кг азотли, 150 кг фосфорли ва 100 кг калийли ўғит билан озиқлантириш тавсия этилади.

Ўтлоқи ва ўтлоқи-ботқоқли тупроқларда гектарига 15 тонна гўнг, соф ҳолда 160 кг азотли, 120 кг фосфорли ва 80 кг калийли ўғит билан озиқлантириш мақсадга мувофиқ. Азот карбамид ёки сульфат аммоний, фосфор эса аммофос, калий эса калий хлор кўринишида бериш керак.

Биринчи озиқлантиришда – кўчатлар тутиб олгандан сўнг улар тез ўса бошлаган даврда: ҳар гектарга аммофос – 64,8 кг, калий хлор – 40 кг, карбамид – 165 кг ёки сульфат аммоний – 380 кг. дан сарфланади.

Иккинчи бор экинлар ялпи гуллаш ва мева тугишининг бошланиш даврида гектарига карбамид – 235 кг ёки сульфат аммоний – 380 кг ҳисобида озиқлантирилади.

Ширинқалампир сернам ва оғир тупроқларда яхши ривожланмайди. Шунинг учун ялпи мева туга бошлаганда қатор оралатиб, иложи борича чуқур ариқлар олиб, суғориш зарур. Бунда илдиз бўғзи намланиб кетмаслигига эътибор бериш керак, акс ҳолда ўсимлик илдиз чириш билан касалланади. Ўсув даври мобайнида тупроқ намлиги 75–80% бўлишини таъминлаш учун ҳар 6–10 кунда суғорилади.

Ушбу ой полиз экинларини ўртаги ва кечки навларини экишнинг энг мақбул муддати ҳисобланади. Марказий минтақада жойлашган вилоятларда қовун ва тарвузнинг ўртагиси 20 апрелдан 10 майгача, кечкиси 15 майдан 10 июнгача, жанубий вилоятларда ўртагиси 10–20 апрелда, кечкилари эса 10–20 июнда экилади. Шимолий минтақаларда ўртагисини 25 апрелдан 10 майгача, кечкисини 20–30 майда экиш лозим.

Полиз уруғлари экилган уяларни чириган гўнг, шоли қобиғи, ёғоч қириндилари билан мульчалаш тупроқ қатқалоқ бўлишининг олдини олиб, уруғни тез ва сифатли униб чиқишини таъминлайди.

Уруғлар тўлиқ униб чиқиб, чинбарг пайдо бўлганда улар ягана қилинади. Бунда ҳар бир уяда 2 та ўсимлик қолдирилади. 2–3 тадан чинбарг пайдо бўлган даврида иккинчи маротаба ягана қилинади ва ҳар бир уяда 1 тадан ўсимлик қолдирилади. Ўсимликлар қатор оралари махсус мосламалар билан 14–16 см чуқурликда юмшатилади, қатордаги ўсимликлар оралари эса қўлда енгил чопиқ қилинади, сўнг маҳаллий ҳамда маъдан ўғитларини тавсия этилган меъёрида солиниб кетидан сув берилади.

Ўсув даври давомида полиз экинларни бўз тупроқли ерларда ҳар гал гектарига 400–500 м3 ҳисобида 7–8 марта суғориш талаб этилади. Сизот суви юза жойлашган далаларда эса бўз тупроқли ерларга қараганда 5–6 марта камроқ суғорилади.

Ўсимлик майсалагандан сўнг биринчи чопиққа қадар экинлар 1–2 марта суғорилади. Биринчи енгил чопиқ тугаллангандан сўнг 20–25 кунгача сувдан қантарилади. Бу даврда ўсимлик илдизини чуқурроқ таралишига интилади, чопиқда илдизи кесилган бегона ўтлар тез қурийди, бу орада полизнинг найчалаши–мева тугиши тезлашади. Навбатдаги сув иккинчи чопиқ олдидан берилади.

Полиз экинлари ҳосил тўплаш даврида сувга талаби ошишини инобатга олиб тупроқ намлигини маромида ушлаб туриш талаб этилади, бунинг учун полизни ҳар 10–12 кунда суғориб туриш лозим.

Полиз экинларини органик ва минерал ўғитлар билан ўз вақтида ва меъёрида озиқлантириш талаб этилади. Бир гектар майдонга 25–30 тонна органик ўғит берилганда 75 кг азот, 75 кг фосфор ва 50 кг калийли минерал ўғитлар билан озиқлантириш лозим. Бунда йиллик меъёрга нисбатан калийли ўғитнинг ҳаммаси, фосфорнинг 70–75 фоизи шудгорлашда органик ўғит билан бирга солинади. Фосфорли ўғитнинг қолган 25–30 фоизи ва азотнинг 50 фоизи экиш олдидан берилади, азотли ўғитнинг қолган 50 фоизи экинлар уч-тўрт барг чиқарганидан кейин эгатларга 10–12 см чуқурликка солинади.

Ердан тўлиқ униб чиққан бодрингни ўсув даври давомида экинлар қатор ораларини ва атрофида ҳар икки суғоришдан сўнг 14–16 см чуқурликда юмшатиш, униб чиққан бегона ўтларни енгил чопиқ қилиш ўсимлик пояси ва илдизини яхши ривожланишини таъминлайди.

Намсевар ўсимлик эканлигини инобатга олиб ҳар 6–7 кун оралатиб, тупроқ намлигига қараб суғориб туриш лозим.

Марказий вилоятларда экилган эртаги карам майдонларида шу кунларгача 2 маротаба комплекс ишлов ўтказилган бўлиши лозим, ривожланишдан орқада бўлган майдонлардаги ўсимликларни қўшимча озиқлантириб, қатор ораларини юмшатиш, ўз вақтидан кечиктирмай суғориш талаб этилади, чунки оқбош карам ўсимлиги карамбош ўраши даврида ўсимликларни намга талаби юқори бўлади. Чунки уларнинг барги жуда ҳам кучли ўсади ва нисбатан кучли илдиз ҳосил қилади. Тупроқда нам етишмаса карамнинг бош ўраши ва шаклланиши сустлашади ҳамда карам боши кичик бўлиб маҳсулотнинг сифати бузилади.

Карамни сувга талабини инобатга олиб бўз тупроқли ерларда эртаги карамга 8–10 марта, сизот сувлари юза жойлашган ерларда 6–8 марта сув бериш тавсия этилади. Суғориш меъёри гектарига 500–550 м3.

Ўртаги карамга ҳар сафар 7–9 кунда, жами 14–15 марта сув берилади. Ҳар 2–3 сув қуйиш оралиғида ўсимлик қатор оралари юмшатилиб, бегона ўтларни йўқотиб турилиши карам ҳосилини сифатли ва ўз вақтида пишиб етилишини таъмин этади.

Эртаги картошка ўсимлигини апрель ойининг охири май ойи бошидан бошлаб картошка куяси, колорадо қўнғизи зарарлай бошлайди. Шунинг учун картошка, помидор ва бақлажон экинлари зараркунандаларига қарши қуйидаги препаратларнинг бирортаси – 20 фоизли Моспилан – 0,02 л/га; Багира – 0,05л/га 25 фоизли Цирокс – 0,16 л/га; ТАДЖ – 0,035л/га; 30 фоизли Бензофосфат – 1,7–2,3 л/га; 2,5 фоизли Децис – 0,1–0,5 л/га ҳисобида 300–600 литр сувга аралаштириб пуркаш тавсия этилади.

Оққанот ва полиз шираларига қарши 25 фоизли Апплауд – 0,5 кг/га, Циперметрин – 0,3 л/га, 48 фоизли Калипсо – 0,1–0,15 л/га, 57 фоизли Фуфанон – 2,4–3,6 кг/га ёки 20 фоизли Моспилан – 0,25–0,3 кг/га ҳисобида пуркаш лозим.

Ўргимчак кана, занг каналарга қарши очиқ ва ёпиқ майдонларда 10 фоизли Ниссоран – 0,1 кг/га, 57 фоизли Омайт – 1,5 л/га, 20 фоизли Митак – 2,5 л/га ҳисобида (600 л/га) сувга қўшиб пуркаш лозим.

Помидор куясига қарши 1,8 фоизли Вертимек – 0,4–0,5 л/га, 57 фоизли Фуфанон – 0,6–1,2 л/га, 15 фоизли Эзиом 0,3–0,4 л/га, Аваунт–0,1 л/га, 20 фоизли Конфидор (Багира) – 0,4 л/га, Такуми – 0,3 кг/га ҳисобида 300–600 литр сувга аралаштириб пуркаш тавсия этилади.

Карам ширасига қарши 2,5 фоизли Децис – 0,3 л/га, 35 фоизли Золон 1,6–2,0 л/га, 30 фоизли Бензофосфат 2,0–2,6 кг/га ҳисобида пуркаш тавсия этилади.

Пиёз трипсига қарши қуйидаги дорилардан бири билан қарши курашиш лозим: 55 фоизли Циперфос – 0,3 л/га, 20 фоизли Суми-альфа – 0,1 л/га, 50 фоизли Карбафос – 0,6 л/га, 40 фоизли БИ-58(янги) – 0,5–1,0 л/га.

Замбуруғли касалликлар (ризоктониози, фузариоз сўлиш, фитофтороз) помидор, бақлажон, ширин қалампир ва бошқа экинларни кучли зарарлайди. Ўсув даврида экинда касалликнинг биринчи белгилари кўриниши билан ўсимликларга профилактика учун Курзат Р (2,5 кг/га), Превикур Sl (1,5 л/га) препаратларининг биронтасини пуркаш тавсия этилади.

Эртаги сабзавотлардан бўшаган майдонларни ўтмишдош экин қолдиқларидан тозалаш ва такрорий экин экиш учун қайта шудгорлаш, чизеллаш ва суғориш эгатларини олиш каби тадбирлар ўз вақтида амалга оширилиши лозим.

    Р.Ҳакимов, М.Холдоров, Ф.Расулов





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech