Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Май 2016 00:00

Бу йилги об-ҳаво нисбатан илиқ келганлиги боис баҳор ўлкамизга ҳар қачонгидан барвақт келди. Умуман, ресбумликамизнинг барча ҳудудларида апрель ойининг биринчи ярмидаёқ мевали дарахтлар гуллаб бўлди.

Айрим боғларда дарахтлар ғуж бўлиб гуллагани боис, мевалар дуркун ривожланишига имкон бўлмаяпти. Бундай вазиятда мевалар бир-бирига ҳалал бермаслиги учун улар орасидан ривожланмаган, майда ҳамда ёнма-ён жойлашган меванинг бирини олиб ташлаш лозим, яъни мевалар тоқаланади. Агар ушбу тадбир ўз вақтида тўғри ва сифатли ўтказилса, мўл ва сифатли ҳосил олишга эришилади.

Май ойида боғларда тупроқ намлигига қараб суғориш, экин қатор ораларини культивация қилиш, дарахт танасининг ораси ва айланасини юмшатиш, илдиз бачкиларини қирқиб ташлаш ишлари бажарилади.

Эрта баҳорда ҳосилли боғларга етарли миқдорда азотли ўғит солинмаган бўлса, у ҳолда май ойининг биринчи ярмида 50–60 кг азотли, 65–70 кг фосфорли ҳамда 40 кг калийли ўғитларни аралаштириб солиниб, суғорилиши зарур.

Суғоришдан сўнг қатор оралари 12–15 см чуқурликда юмшатилса тупроқда намликнинг узоқ муддат сақланишига эришилади.

Жорий йилда кўпгина вилоятларда февраль – март ойларида янги боғ ва токзорлар барпо этилди. Эндиликда уларни ўсиб-ривожланиши учун шу кунларда 1–2 марта суғорилиши, экин қатор оралари ер тобига келгач 10–12 см чуқурликда юмшатилиши керак.

Ҳосилли уруғли боғларда зараркунандалардан олма қурти, барг ширалари, нокнинг шира бургаси (медяница) тоғ ва тоғ олди ҳудудларда эса калмароз (парша) ва монилиоз куйиш касалликларининг ривожланиши кутилмоқда.

Республикамизнинг шимолий минтақаларида, тоғ ва тоғолди ҳудудларда май ойининг мазкур зараркунанда ҳашаротларга қарши дарахтлар гулдан чиқиши билан пуркаш ишлари амалга оширилади.

Чунончи ҳосилли олма ва нок боғларида Карбофос ёки Донитол препарати 100 л сувга 100 г ёки Фуфанон 100 г ҳисобидан қўллаш мумкин. 12–15 кундан сўнг олма қуртига қарши дорилар такрор пуркалади.

Парша касаллиги кўпайишига қарши олма ва нок дарахтларига 1 фоизли Бордо суюқлиги пуркалади. Бунда, шунингдек, Вектра ёки Топсин-М (100 л сувга 30–100 г ) ёки Сапрол (100 л сувга 100 г) препаратларидан ҳам фойдаланса бўлади.

Беҳизорларда монилиоз касаллигига қарши 1 фоизли Бордо суюқлиги билан дарахтлар жиққа ҳўл бўлгунча пуркалади. Вектра, Курсат, Амарант, Энтоликур ва Топсин препаратларининг бирини ишлатса яна ҳам яхши самара беради.

Гуллаб бўлган ўрик, шафтоли ва олхўри дарахтлари клястероспориоз, барг бужмалоқлиги, ун шудринг касалликларига қарши Бордо суюқлигининг 1 фоизлиги ҳафта-ўн кун оралатиб 1–2 марта пуркаш зарур.

Февраль ойи бошларида полиэтилен плёнка билан ёпилган қулупнайзорларда апрель ойининг биринчи ярмидан меваси пиша бошлади. Ушбу майдонларда май ойининг иккинчи ярмида ҳосил териб олингач экин қатор ораси12–15 см чуқурликда культивация қилиниб, туп атрофлари қўлда чопилиб юмшатилади. Бу вақтда қулупнай тупи ёнидан чиққан ипсимон ўсимталар (мўйловчалари) ривожлана бошлайди. Қулупнайзорга гектарига 60–90 кг азотли 60–70 кг фосфорли ўғит солиниб, сўнг суғорилади. Шунда қулупнай келаси йил ҳосил куртагини йиғиши билан бирга ривожланган мўйловчаларнинг ўсиши тезлашади, уларни ерга қадаш эвазига янги қулупнай кўчати тайёрлашга эришилади.

Токзорларда ток тупларининг новдалари бир текис ривожланиши учун симбағазга горизонтал ёки озроқ қия қилиб боғланади. Боғичлари узилиб кетмаслиги ҳамда симга ишқаланмаслиги учун новдалар (занглар) симбағазларга саккиз рақами шаклида боғланади.

Токзорларда тўпгуллар шаклланиб новдалар 50–60 см узунликка етганда биринчи шўра ҳомток ўтказилади. Янги кўк новданинг ўсиш кучи ва жойлашишига қараб, симга боғлаш керак. Новдаларда тўп гул ўрнида жингалакларнинг борлиги унинг ҳосил қилмаслигидан далолатдир. Бундай новдаларни эрта ҳомток қилиш, қўшимча миқдордаги новдалар, шу жумладан, ҳосил қиладиган новдаларнинг ривожланишига ёрдам беради. Шўра ҳомтокни эрта гуллайдиган навлардан бошлашни унутмаслик керак.

Ток тупининг кўп йиллик зангларидан ўсиб чиққан бачки новдалар биринчи навбатда олиб ташланади. Бунда токни шакллантириш ва зангининг ўрнини босиш учун керакли новдалар қолдирилади. Агар ток тупида зарарланиш натижасида ёки бошқа сабабларга кўра, кам новда ривожланган бўлса ҳам бачки новдаларнинг бир қисми озиқланиш юзасини ошириш учун қолдирилади.

Ток тупларида ҳар бир нав учун тупдаги ҳосилдор ва ҳосил қилмайдиган новдалар нисбати, ҳосил ва новданинг ўсиш кучи, шунингдек, экологик ва агротехник шароитни ҳисобга олган ҳолда белгиланади. Масалан, суғориладиган ерлардаги кишмишбоп навларда ҳар иккита ҳосилдор новдага 1–2 ҳосилсиз новда қолдирилиши керак.

Лалми токзорларда қиш-баҳор давридаги ёғингарчиликни ҳисобга олиб ҳомток ўтказилади. Бир вақтнинг ўзида бу билан ҳосил миқдори нормаллаштирилади ва ҳар бир ҳосилдор новдага битта ҳосил қилмайдиган новда қолдирилади. Ёғингарчилик кам бўлган йилда токнинг кучсизланиб кетишининг олдини олиш мақсадида, тўпгулли новдаларнинг учдан бир қисмини олиб ташлаш лозим.

Май ойида токзор минерал ўғитлар билан озиқлантирилади. Фосфорли ва калийли ўғитлар билан озиқлантиришда бериладиган меъёридагидан ярмидан кўпроғи тупроққа, яъни фосфорли ўғитлар 90 кг, калийли ўғитлар 40–50 кг чуқур солинади.

Фосфор ва калий ўғитлар кўпроқ солинишига сабаб ток новдаларини тўлиқ етилишига, касалликларга чидамлилигини оширади, мева сифати яхшиланади, новдаларни пишиши ва бўлғуси йил ҳосилига пухта замин яратилади. Агар минерал ўғитлар бўлмаса у ҳолда маҳаллий ўғитлардан фойдаланиш керак. Бунда ҳар бир гектар токзор 5–6 тонна гўнг сувда эритилиб шарбат ҳолида суғорилади.

Касалликлардан кул (оидиум) касаллиги олдини олиш учун токзорларда гуллагунга қадар 1–2 марта туйилган олтингугурт билан чанглантирилади. (1 гектарга 20–25 кг сарфи билан). Бундан ташқари, Топаз (100 л сувга 50 г) ёки Вектра, Фоликур, Курзат +30г солиб пуркаш ҳам мумкин.

Мазкур тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказилиши боғлардан мўл ҳосил олинишини таъминлайди.

   Р.Абдуллаев, Х.Абдуллаева, М.Исроилов





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech