Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Май 2016 00:00

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида янги деҳқончилик тизими вужудга келди. Ғалла-ғўза, ғалла-ғўза-ем-хашак, ғалла-ғўза-сабзавот каби экинларни алмашлаб ва навбатлаб экиш тартиблари жорий қилинди.

Тупроқ унумдорлигини у ёки бу даражада бўлиши илмий асосланган маъдан ўғитлар миқдорига, нисбатига ва органик ўғитларни қўллашга, алмашлаб экишни риоя қилишга, ер ва сув ресурсларини тежовчи ва бошқа илғор технологияларни жорий этишга бевосита боғлиқдир. Тадқиқотларга кўра, органик ва маъдан ўғитлар ҳисобига ўсимликда 50 фоиз ва ундан ортиқ ҳосил шаклланади. Лекин, шу омиллар алмашлаб экиш даласида ўтказилса, ўсимликни ўсиш-ривожланиши учун экологик жиҳатдан ниҳоятда қулай шароит яратилиб, юқори ва сифатли ҳосил олишга эришилади. Шуни ҳисобга олиб, суғориладиган майдонларда алмашлаб экиш тизимларини жорий этишда асосий эътиборни тупроқ унумдорлигини оширадиган, аҳолини кундалик озиқ-овқат талабларини қондирадиган дуккакли-дон, дон ҳамда сабзавот экинларини экиш, ушбу экинларни асосан такрорий ва оралиқ экин сифатида, қолаверса алмашлаб экиш тизимига киритиш мақсадга мувофиқдир.

Фермер хўжаликларида тупроқ унумдорлигини сақлаш ва ошириш учун ишлаб чиқаришда кенг қўлланилиб келинаётган ғўза-ғалла қисқа навбатли алмашлаб экиш тизимига тупроқда имкон қадар кўпроқ миқдорда органик қолдиқ қолдирадиган ҳамда тупроқ унумдорлигини тиклайдиган экин турлари бўлишини давр тақозо этаётганлигини эътиборга олган ҳолда, жорий этилаётган алмашлаб экиш тизимларини янги турдаги такрорий ва оралиқ экинлар орқали такомиллаштириш талаб этилади.

Табиийки, ҳар бир фермер экинининг ҳосили сифатли ва салмоқли бўлишини хоҳлайди ҳамда имкон борича кўпроқ даромад олиш йўлларини излайди. Ҳеч кимга сир эмаски, тупроқ унумдорлиги юқори бўлган далалардангина сифатли ва мўл ҳосил олиш мумкин. Мўл ҳосил олишга экин парвариши даврида бериладиган маъдан ўғитларнинг самарадорлиги ҳамда тупроқда органик моддалар етарли бўлган тақдирдагина эришилади. Демак, ҳар бир фермер биринчи навбатда тупроқ унумдорлигини сақловчи ва оширувчи ерёнғоқ, соя, мош, ловия, зиғир, сабзавот, картошка ва бошқа экинлардан фойдаланиши, экинларни алмашлаб экиш тизимларига риоя этган ҳолда, уларни тўғри жойлаштириши зарур. Бунинг учун бизда барча имкониятлар ва асослар мавжуд.

Алмашлаб экиш тизимларида такрорий дуккакли-дон ва оралиқ экинларнинг ҳосилини етиштирилиши натижасида органик қолдиқлари ҳисобига нафақат тупроқ унумдорлиги тикланиши ва ошиши, балки тупроқнинг сув ва сув-физик хоссаларига ижобий таъсир этади.

Мамлакатимизда кузги бошоқли-дон экинлари йиғиштириб олинганидан кейин, уларнинг ўрнига такрорий экинлар етиштириш учун ажойиб имконият бор. Айтайлик, бошоқли-дон экинлари 15–20 июнь муддатида йиғиштириб олинса, ундан кейин тўрт ой, яъни 120–130 кун иссиқ ва ҳароратли кунлар давом этади. Шу ойлар мобайнида 1600–1800 оС фойдали ҳарорат йиғиндисини заминимиз қабул қилади. Бу эса республикамизда кузги бошоқли дон экинларидан кейин такрорий экинлар экиб, ҳосил олиш имкониятини беради.

Такрорий экинлар сифатида эътиборни дуккакли-дон ва мойли экинлардан мош, ловия, соя, кунгабоқар, ерёнғоқ, кунжут, зиғир, ёрма-дон экинларидан тариқ, маржумак, сабзавот-полиз экинлардан карам, сабзи, шолғом, турп, пиёз, саримсоқ пиёз, қалампир, бодринг, помидор, бақлажон, батат, қовун, тарвуз, картошка, ем-хашак ва дон экинлардан маккажўхори, жўхори, судан ўти, шоли, сидерат экинлардан хашаки нўхат, хантал, рапс, перко, жавдар, тритикале ва бошқа экинларга қаратиш зарур.

Такрорий экинларни экиш учун ер тайёрлаш ишлари экин турларига боғлиқ ҳолда ўтказилади. Масалан, дуккакли-дон ва мойли экинлардан мош, ловия, соя, дон экинлардан маккажўхори, кўп ўримли жўхори, ем-хашак экинлардан хашаки нўхат, хантал, рапс, перко, жавдар, тритикале каби экинларни экиш учун бошоқли-дон экинлари ўриб йиғиб олиниб, дала сомон қолдиқларидан тозалангандан сўнг далани енгил суғориб, ер етилганидан сўнг буғдойпоя қатор ораларини культиватор ёки чизель-культиватор ёрдамида юмшатиб, сабзавот сеялкалари ёрдамида экиш ишлари амалга оширилади. Қолган барча экин турлари учун ер тайёрлашда далалар енгил суғориб олинганидан кейин омоч ёрдамида 20–22 см чуқурликда ҳайдалади ва борона қилинади. Республикамиз шароитида ушбу такрорий экинларни навларига қараб 1–5 июнь–10 июль оралиқларида экиш мумкин. Такрорий экинларни жойлаштиришда далани сув билан таъминланганлик даражасига эътибор қаратиш талаб этилади. Сув таъминоти оғир, кучсиз шўрланган, сизот сувлари ер юзасига яқин жойлашган ҳудудларда дуккакли-дон экинларидан мош, ловия, мойли экинлардан кунжут, зиғир, ёрма-дон экинларидан тариқни экса бўлади. Қолган экин турларини имкон борича сув танқис бўлмаган ҳудудларда экиш мақсадга мувофиқдир.

Ер ва сув ресурсларининг чекланган шароитида аҳолининг озиқ-овқат, жумладан, қишлоқ хўжалиги махсулотларига бўлган талабининг йил сайин ортиши ердан самарали фойдаланиб, суғориладиган майдонлардан бир йилда икки-уч ҳосил олишни, бунинг учун тупроқнинг мелиоратив ҳолати ҳамда унумдорлигини яхшилашда алмашлаб экишга эътиборни қаратишни ҳаёт тақозо этмоқда. Шундай экан, ҳосил етиштиришда энг аввало тупроқ унумдорлигини оширишда алмашлаб экишга эътибор бериш мақсадга мувофиқдир.

    Б.Ҳолиқов





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech