Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Май 2016 00:00

Чигит 60+30 см схемада қўш қаторлаб экилган далаларда ғўза қатор ораларига КХУ-4 русумли культиватор осилган трактор ғилдираклари орқасига жойлашган грядилларга ғўза қаторидан 6–10 см. ли ҳимоя зонасида юрадиган 2 донадан сферик диск, ундан кейин кетма-кет 2 тадан қамров кенглиги 165 мм бўлган ясси қирқувчи пичоқ ва эгат ўртасига 150 мм қамровли ўқёйсимон панжа жойлаштирилиши керак.

Ғўза қаторига яқин жойлашган сферик диск 6–7 см чуқурликда, пичоқлар 8–10 см, ўқёйсимон панжалар 12–14 см чуқурликда юрадиган этиб ростланса, бегона ўтлар тўлиқ қирқилади ва майин тупроқ ҳосил бўлади. Тракторнинг олд қисмига жойлашган грядилларга «УРОР» мотигаси асосида махсус ясалган «механик кетмон» типидаги ишчи органлар тор қаторларнинг ўртасида 4–6 см чуқурликда юрадиган ҳолда ўрнатилса, қаторлар орасидаги бегона ўтлар батамом йўқотилади, майин тупроқ олинади ва ниҳолларга сира зарар етказилмайди.

Трактор рули люфтининг меъёрдан ортиқ бўлишига, тормозларнинг бўш ишлашига, мой оқишига, ғилдиракларда ҳимоя шитокларининг бўлмаслигига йўл қўйилмайди. Секцияларнинг кўндаланг йўналишда ҳар икки томонга оғиши 15–20 мм. дан ошмаслиги керак.

Тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда трактор ғилдираклари изларини юмшатиш учун махсус почвоуглубителлар ёрдамида қатор ўртасига ишлов берилса, излар юмшатилиб, намни яхши сақлашга эришилади.

Тор ғўза қатор ораларига ишлов беришда культиватор экиш агрегати қолдирган издан юриши ва унинг ҳаракат схемасини такрорлаши керак. Культиваторнинг четки иш органлари ёндош қатор ораларида юриши лозим.

Культиваторнинг биринчи юриши одатда тракторнинг паст тезлигида амалга оширилади ва органларнинг иш сифати кузатиб борилади. Эгат охирида ишчи органлар транспорт ҳолатига кўтарилади. Тракторнинг бир ғилдираги тўхтатилиб, шундай буриладики, бунда четки ишчи органлар ишлов бериб келинган ёндош қатор оралиғига тушсин.

Биринчи ўтишда ҳар бир қатор оралиғида ишлов бериш чуқурлиги ва ҳимоя зоналари кенглиги ўлчаб кўрилади. Бегона ўтларнинг илдизи қирқилиши, ғўза кўчатларининг зарарланиши кўз билан баҳоланади. Ишчи органларнинг юриш чуқурлиги ва ҳимоя зонасининг кенглиги ўрнатилган ўлчамлардан кўпи билан мос равишда ±1 см ва ±2 см фарқ қилиши мумкин. Бу фарқ каттароқ бўлган тақдирда культиваторни қўшимча созлаш зарурияти туғилади. Ишлов берилган кенгликда бегона ўтлар илдизи тўла қирқилган бўлиши ва ғўза кўчатларининг шикастланиши 1 фоиздан ошмаслиги лозим.

Культиватор ишининг муҳим кўрсаткичларидан бири бу суғориш ариқларининг тўғри олинишидир. Суғориш ариқлари қатор оралиғининг қоқ ўртасидан ва барча қаторларда бир хил чуқурликда олиниши керак. Акс ҳолда кейинги культивация вақтида агрегатни тўғри бошқариш қийинлашади, кўчатларнинг шикастланиши кўпаяди.

Шундай қилиб, қўш қаторли пахта майдонларига ишлов бериш анча нозик иш. Уни сифатли бажариш механизаторнинг уқувига ва малакасига боғлиқ. Демак, бу тадбирни катта тажрибага эга бўлган механизаторлар зиммасига юклаш мақсадга мувофиқдир.

   М.Тошболтаев, А.Қорахонов, А.Ибрагимов





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech