Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
5 Май 2016 00:00

Жорий йил экиш ишларига эрта киришилган бўлсада, апрель ойидаги салқин ва нам, иссиқ ва қуруқ об-ҳаво туфайли барча вилоятларда чигит экиш ишлари бироз чўзилиб кетиши, ёғингарчилик ва намлик кўпайиб, ҳаво ҳарорати пасайиши, қатқалоқлар, қайта экишлар натижасида ниҳолларнинг ўсиши бироз орқада қолиши билан биргаликда турлича ривожланиши кузатилмоқда.

Кўп йиллик маълумотларга кўра, ғўзанинг жадал ўсиб-ривожланишида тупроқнинг физик хусусиятларини яхшилаш, табиий намлик ва озиқалардан самарали фойдаланиш, ғўза ниҳолларининг дуркун ўсиб-ривожланишига қулай шароит яратишда қатор ораларига ишлов бериш жуда муҳим аҳамиятга эгадир. Культивациянинг сифати унинг ўз вақтида ўтказилишига боғлиқ. Ғўза қатор ораларига ишлов беришда, энг аввало, экинларнинг ривожланиш даражасига ва ер шароитига қараб культиватор ишчи органлари созланади.

Агар тупроқда намлик юқори ва ҳарорат паст бўлса, ғўза нимжон ва касалликка чалинувчан бўлиб ўсади, бу эса кейинчалик ҳосилдорликнинг камайишига олиб келади. Бундай майдонларда агар чигит униб чиқмаган бўлса, ротацион мотига билан ишлов беришни тезда йўлга қўйиш лозим, кўндалангига бороналаш ҳам қатқалоқни юмшатишга имкон беради.

Ниҳоллар униб чиққан майдонларда эса ишлов бериш учун культиваторлар шай қилиб қўйилган бўлиши ва албатта ротацион юлдузчалар билан таъминланиши, тезликда сифатли культивация ўтказилиши керак. Қатқалоқни бартараф этишда культиватор органлари қуйидагича ўрнатилади: ниҳоллардан 3–5 см узоқликда ва 3–5 см чуқурликда 8 жуфт ротацион юлдузча, сўнг 6–8 см чуқурликда 8 дона пичоқ, эгатнинг ўртасига 12–14 см чуқурликда 5 дона ғозпанжа ўрнатилиб ишлов берилиши тавсия этилади.

Тупроқдаги ортиқча намликни йўқотишда, ғўза ривожини жадаллаштиришда 1- ва 2- культивациялар оралиғида махсус мослама ёки чизель культиватор ёрдамида ғўза қатор орасини чуқур юмшатиш ҳам яхши самара беради. Ғўзанинг илдиз тизими чуқур ривожланишини таъминлашда махсус мослама ва чизель культиватор механик таркиби енгил ва ўрта тупроқларда 18–20 см, механик таркиби оғир тупроқларда 20–22 см чуқурликда юмшатиши мақсадга мувофиқдир.

Маълумки, ғўзанинг дастлабки ривожланиш даврларида ёш ниҳоллар жуда секин ўсади, лекин азот ва фосфор элементларига талабчан бўлади. Бу даврда ниҳоллар озиқлантирилмаса, унинг кейинги ривожланиш даврлари чўзилиб кетиши ва ҳосилга салбий таъсир этиши илмий тажрибаларда ўз исботини топган. Ниҳолларни ўз вақтида минерал ўғитлар билан озиқлантириш, уларнинг баравж ўсишига имкон беради, ўғитлар далага культиваторлар билан солинганда ер бетига сочилиб кетмаслиги ёки саёз (3–5 см) берилмаслиги керак. Чунки, ўғитни ғўза яхши ўзлаштираолмай самараси пасайиб, исроф бўлади. Ғўзалар шоналаган майдонларда гектарига соф ҳолда 70–75 кг азот ва 50 кг калий бериш, бунда гектарига 210–225 кг аммиакли селитра ёки 150–160 кг мочевина ва 80 кг калий хлорид ўғитини солиш мумкин. Ғўзанинг шоналаш даврида минерал ўғитлар ўсимликнинг 18–20 см ёнига, 14–16 см чуқурликка берилса, ўғитлардан фойдаланиш самарадорлиги юқори бўлади.

Ғўзанинг шоналаш даврида қўшимча равишда баргдан озиқлантириш суспензия сепиш тавсия этилади. Бунда карбамид ўғитидан (5–7 кг/га) суспензия тайёрлаб сепиш ёки таркибида жуда кўп озиқа элементлари ва ўсимлик учун зарур бўлган микро-макро элементларга бой стимуляторлардан Гумимакс, Узгуми, Эдагум (0,3 л/га), Фитовак 300–400 мл/га ва бошқалар билан ишлов бериш мумкин. Ғўзанинг шоналаш даврида стимуляторлар билан ишлов берилганда ўсимлик озиқа моддаларни барги ва поялари орқали тезроқ ўзлаштиради, физиологик жараёнлар, фотосинтез жадаллашади, ўсимликнинг бардошлиги ортиб, касалликка кам чалинади, илдизи кучли ривожланади, шоналар сони кўпайиб, эрта гулга киради, барглари қалинлашади, хлорофилл миқдори кўпайиб, ҳосилдорлик 12–15 фоизга ошади.

Карбамидли суспензия билан ишлов беришда ғўзанинг ҳолатидан келиб чиққан ҳолда аввал эритма тайёрланади. Бир гектар майдонга етадиган эритмани тайёрлаш учун физик ҳолда 5 кг карбамид 50 литрлик идишдаги сувда эритилади. Кейин эритмани 100 литрлик идишга қуйиб яхшилаб аралаштирилади. Тайёр бўлган эритманинг меъёри тавсия этилганидан ортиқ бўлса, ниҳолларга салбий таъсир этиши (барглари қуриши) мумкин. Аксинча, меъёри паст ҳолатда самарасиз бўлади.

Кейинги суспензия сепишда 50 литрлик идишдаги сувда физик ҳолда 7 кг карбамид эритилади, кейин эритма 100 литрлик идишга қуйилиб яхшилаб аралаштирилади ва бир гектарга сепилади. Тракторга ўрнатилган махсус сув идишларга 200 литр тоза сув ва 100 литр тайёрланган эритма қуйилиб аралаштирилади ва гектарига 300 литр миқдорда ишчи эритма қўлланилади.

Бу йилги шароитда ёғин-сочин кўп бўлганлиги учун далаларда бегона ўтлар тез ўсиб кетиб, ниҳолларни сиқиб қўйиши ва кўп зарар етказиши кузатилмоқда. Бегона ўтларга қарши курашишда культивацияни сифатли ўтказиш билан биргаликда ҳар бир культиваторга пичоқлар ўрнатилиши, ишлов кенглиги 60 см қатор оралиғида 45–50 см, 90 см қатор оралиғида 75–80 см бўлиши, бегона ўтларни тўлиқроқ йўқотилиши талаб этилади. Шунингдек, чопиқ ишларини ҳам сифатли ва ўз муддатида бажарилишини ташкил этиш зарур. Кўп йиллик бегона ўтларга (ғумай, ажриқ ва бошқалар) қарши ғўзанинг шоналаш давригача бегона ўтларнинг бўйи 10–15 см бўлганда Энтерра гербицидини 1,5–2 л/га меъёрда ёки бошқа ўсув даврида қўллаш тавсия этилган мавжуд гербицидларни ОВХ мосламалари ёрдамида пуркаш ҳам мумкин.

Май ойининг охирларида ғўза сувга эрта келадиган қумли, тошлоқ, тупроқнинг нам сақлаш қобиляти паст бўлган ерларда суғориш ишларига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ташкил этишда сув тежовчи технологиялардан қатор оралатиб суғориш, қора плёнка тўшаб суғориш, оқава чиқармасдан суғориш усулларидан фойдаланишга алоҳида эътибор бериш керак.

Ушбу ойда шира, трипс, ўргимчаккана, кузги тунлам каби зараркунандаларнинг хуружи ортади. Шу сабабли жойларда ўсимликларни ҳимоя қилиш отрядлари ва дала назоратчиларининг ишини тизимли равишда ташкил этиш, далаларга феромон тутқичлар ўрнатиш ва ҳар бир далани доимий кузатувга олиш, фойдали ҳашаротларни далаларга тарқатиш тадбирларини ўтказиш тавсия этилади.

Ғўзанинг амал даврида кузги тунлам, акация ёки беда бити, полиз ёки ғўза бити, катта ғўза бити, дала ва беда қандалалари, тамаки трипси, ўргимчаккана ва кўсак қурти ҳар йили ривожланиб, тарқалади ва ҳосилга катта зарар етказиши мумкин.

Шира ва трипсларга қарши кураш ишлари зараркунанданинг оммавий тусда кўпайишига ғов бўладиган ташкилий-хўжалик, агротехник тадбирлардан ҳамда кимёвий усулдан иборат.

Барча ғўза экилган майдонлар атрофларига уват ва ариқ четларига профлактика мақсадида гектарига 500–1000 донадан олтинкўз тухумини чиқариш, ғўза униб чиққан майдонларнинг барчасига гектарига 1000 донадан 10х10 схемада 100 нуқтага олтинкўз тухумини қўйиб чиқиш ва ҳар 10 кунда 2–3 марта қўллаш яхши самара беради. Олтинкўз энтомофаги бир суткада 50–60 тадан ортиқ шира, 80–100 донагача трипс тухуми ва личинкалари билан озиқланади ҳамда зараркунандаларнинг ўсимликка зиён етказишининг олдини олади. Шира ва трипсларни зарарини биологик усулда олдини олиш имконияти бўлмаса, кимёвий кураш усулини қўллаш лозим. Сўрувчи зараркунандаларга қарши инсектоакарицидлардан системали ва узоқ муддатга таъсир этувчи имидоклоприд асосидаги (Багира, Далприд, Даклоприд ва бошқалар) препаратларини қўллаш яхши самара беради.

Юқоридаги, тавсияларга ўз вақтида тўғри амал қилиб, оқилона иш юритилса, фермер хўжаликлари ғўзаларнинг жадал ўсиб-ривожланишини таъминлай олади. Бу эса табиат инжиқликларини енгиб ўтиб юқори ҳосил етиштиришга пухта замин тайёрлайди.

   Ф.Ҳасанова, Ш.Абдуалимов, Б.Ниёзалиев





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech